May 3, 2020

Қонунчиликдаги янгиликлар

“Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4700-сон, 01.05.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан фойдаланишдан чиқиб кетган ва ер ости сув захираси мавжуд бўлган ерларни фойдаланишга киритиш ва уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун аҳолига имтиёзли шартларда ажратиб бериш тартиби белгиланди.

✅ Унга кўра, туман ҳокимлиги фойдаланишга киритилган ер майдонларини:

🔹 деҳқончилик соҳасида билим ва кўникмага эга бўлган, биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга 1 гектаргача деҳқон хўжалиги юритиш учун, истисно тариқасида, 10 йилгача муддатга ижарага беради;

🔹 тажриба синов тариқасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига барча харажатларни олдиндан тўлаш шарти билан 5 гектаргача бўлган ер майдонларини 10 йилгача муддатга ижара ҳуқуқини электрон аукцион асосида сотади.

Ажратилган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар қўлланади ва устувор равишда сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва мойли экинлар экилади ва боғ, токзорлар барпо этилади.

Ердан фойдаланиш давомида белгиланган экин турларини экиб, иш ўринларини яратган, ижара харажатларини ўз вақтида қоплаган тадбиркорларга ердан фойдаланиш муддатини узайтиришда устуворлик ҳуқуқи берилади.

❗️Ушбу қарор доирасида бериладиган ер майдонларида енгил конструкцияли дала шийпон ва суғориш иншоотларини жойлаштиришга рухсат берилади, бошқа турдаги, шу жумладан турар жой, бино ва иншоотлар қуриш қатъиян ман қилинади.

Шунингдек, қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги кооперацияларида иштирок этадиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар тоифасига кирувчи ҳар бир оила парранда боққан даври (40 кун) учун Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча 500 минг сўмдан рағбатлантирилади.