August 7, 2020

Янги суд тизими шакллантирилмоқда, ундан нималар кутишимиз керак?

Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди деб айтсак муболаға бўлмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида давлат раҳбари томонидан “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланганлиги айни муддао бўлди.

Ушбу Фармонда 2021 йил бошидан суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қанча муҳим ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланди.

Муаммо нимада эди?

Вилоят судларининг ягона суд амалиётини шакллантиришга тўсқинлик қилиши, судларнинг тарқоқ бўлганлиги сабабли фуқаролар
ва тадбиркорлар сарсон бўлиши, судлар аппаратларидаги ёрдамчи ходимларга ҳақ тўлаш ҳамда моддий-техник жиҳатдан таъминлаш учун бюджет маблағларини ортиқча сарфланишига олиб келиши, ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг алоҳида фаолият юритиши илғор хорижий амалиётга жавоб бермаслиги каби муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Масалан, биргина 2019 йилнинг ўзида 58 мингдан ортиқ фуқаро
ва тадбиркорлар судлардаги сарсонгарчиликларга нисбатан
ўз эътирозларини билдирган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ўрни тегишли халқаро рейтингларда пастлигича қолмоқда, бу эса суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш лозимлигидан далолат беради.

Хусусан, Қонун устуворлиги индекси бўйича – 92 ўрин, шундан “Фуқаролик одил судлов” индикатори – 72, “Жиноий одил судлов” – 66.

Ечим бўлиши мумкинми?

Ушбу асосларга кўра вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилмоқда.

Бунда, 2021 йил 1 январдан эътиборан:

уч йўналишдаги судлар негизида ягона суд ташкил этилиб, менежер мақомига эга бўлган вилоят суди раиси ва ҳар бир йўналиш бўйича ўринбосар лавозими;

судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят судининг ҳар бир ҳайъатида 6 тадан 19 тагача судьядан иборат алоҳида фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатлар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий судлар тизимида қуйида муаммолар мавжуд бўлиб, туман миқёсида маъмурий судлар, шу туман ҳудудидаги маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил фаолият юритишида қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу муносабат билан илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизими яратилмоқда. Хусусан 203 та туман (шаҳар) маъмурий судларини мақбуллаштириб, уларнинг негизида вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судларни ташкил этилиши, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда.

Бунда, Олий суд маъмурий судлов ишларини юритиш бўйича олий инстанция ҳисобланади ва Олий суд таркибида раиснинг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги алоҳида маъмурий ишлар бўйича ҳайъат фаолият юритади.

Мақбуллаштириш натижасида бўшаётган 150 та судья ва 150 та суд ходими штат бирликлари иш ҳажми юқори бўлган бошқа судларни тўлдиришга йўналтирилмоқда

БМТ ривожланиш дастури, Германия ривожланиш соҳасида ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ва Нагоя университети экспертлари томонидан Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши ва маъмурий судларни мустақил суд сифатида сақлаб қолиниши тўғри қарор деб баҳоланган.

Суд тергови жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида дастлабки эшитув босқичи жорий этилмоқда.

Ҳозирда қонунчиликда судга келган жиноят иши бўйича терговда йўл қўйилган хато ва камчиликларни суд тергови бошлангунга қадар аниқлаш ҳамда бартараф этишнинг самарали механизмлари назарда тутилмаган.

2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади

Дастлабки эшитув институти нафақат англо-саксон суд тизимида (АҚШ, Буюк Британия ва ҳ.қ.) балки, романо-герман суд тизимида (Германия, Франция ва ҳ.к), шу жумладан МДҲ мамлакатларида (Россия, Қозоғистон ва ҳ.к.) жорий этилган.

Ҳозирда суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилувчи қуйидаги салбий омиллар сақланиб қолмоқда.

Жумладан, қонунчиликда прокурор судда айбловдан воз кечган тақдирда судья қандай қарор қабул қилиши кераклиги белгиланмаган, прокурор томонидан суддан ишни ўз ташаббуси билан чақириб олиниши тарафларнинг тенглиги тамойили бузилишига ва турли суиистеъмолликларга олиб келиши мумкин, прокурор иштироки шарт бўлмаган фуқаролар ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар кўрилишида танлов асосида қатнашиб, тарафлар ёки судга босим ўтказиши мумкин.

Шунинг учун, прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан, прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.

Фармонда бошқа масалалар ҳам назарда тутилган. Энг муҳими, халқаро тажрибага таянган ҳолда ишни назорат тартибида кўриш институтига барҳам бериш масаласи қўйилган. Хусусан, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, БМТ нинг махсус маърузачиси Д.Гарсия-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро экспертлар назорат инстанцияси мавжудлигини жиддий танқид қилган.

Ушбу назорат институт совет тузумидан қолиб, аксарият МДҲ давлатларида бекор қилинган (Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Германия, АҚШ, Франция, Латвия ва бошқалар)

Таклиф этилаётган моделнинг жорий этилиши миллий суд тизимини халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётга мослаштиришга хизмат қилади.

Яна бир муҳим масала, судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ Давлат бюджетига ўтказилиши ва уларнинг иш ҳақи оширилиши белгиланган бўлиб, бу албатта судьяларнинг ва суд ходимларининг мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Шунингдек, тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 1 январдан кам иш кўрилган Амударё, Нуробод ва Бойсун туман иқтисодий судлари тугатилиб,
бу ҳудуддаги иқтисодий низоларни кўриш вазифаси яқин туманлардаги судларга юклатилмоқда. Аҳолиси нисбатан кўп бўлган ҳамда қўшни туман судлари узоқ масофада жойлашган Янгийўл туман ва шаҳар ва Ургут, Хатирчи, Пахтакор туманларида фуқаролик ишлари бўйича судлари ташкил этилмоқда. Сўх тумани анклав бўлгани, фуқароларга чегарадан ўтиб, Риштон туманидаги туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судга келиши қийин бўлганлиги сабабли, шу туманда янги фуқаролик ишлари бўйича суд ташкил этилмоқда. 2019-2020 йилларда янги ташкил этилган Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туманларида жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилмоқда.

Очиғи, ушбу Фармон билан киритилаётган янги тартиб суд тизимидаги муаммо ва камчиликларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, томонларга судда тенг имкониятлар даражасида иштирок этиш ваколатини таъминлашга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишига эришишга, шунингдек, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, очиқлик ва шаффофликка хизмат қилади.

Шу ўринда Фармоннинг эркин ва адолатли жамият учун ҳам аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлаш жоиз. Албатта, жамиятда адолатни таъминлаш зарурати изчил ислоҳотларни талаб этади. Суд тизими ана шундай ислоҳотларни кутиб турган эди.

Зеро, адолат тарозиси ҳисобланган одил судлов органлари амалда мустақил, қонун устуворлигини таъминлайдиган, инсон ҳуқуқларининг кафолати сифатида ҳар бир ишни адолатли ҳал қиладиган орган бўлиши жоиз. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Андижон вилоят адлия бошқармаси, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими еткачи маслаҳатчиси  - Дониёр Абдумаликов