April 29, 2021

Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан навбатдаги матбуот анжумани ташкил қилинди.

2021 йил 29 апрель куни Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Очиқ адлия» (“Open justice”) дастурига мувофиқ матбуот анжумани ташкил этилди.

Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган пандемия шароитида карантин тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда ушбу анжуманда барча босма ва электрон ОАВ вакиллари, журналист, блогер, веб-сайт админлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва вилоятдаги бошқарма, ташкилот ва муассасалар ахборот хизматлари раҳбарлари жалб этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Адлия бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2021 йилнинг 1-чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ОАВ вакиллари, улар орқали кенг жамоатчиликка ҳисобот бериш, шунингдек, уларни адлия органлари фаолияти тўғрисида хабардор қилиш уларнинг халқ олдидаги масъулиятини оширишга қаратилган.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6166-сон фармони ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда адлия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жорий этилаётган янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди.

Ўтказилган тадбирда бошқарма бошлиғи биринчи ўринбосари Бозаров Отабек Шавкатжонович анжуман иштирокчиларига бошқарма томонидан 2021 йилнинг
1-чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза қилиб ўтди.

Анжуман анча қизғин тарзда давом этиб, савол жавобларга бой бўлди. ОАВ вакиллар, блогер ва журналистлар томонидан берилган саволларига бошқарма масъул ходимлари томонидан жавоблар ва ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди.

Андижон вилоят адлия адлия бошқармаси

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими