Андижонда "Коррупция – тараққиётга таҳдид" мавзусида ўқув семинар ташкил қилинди.
Коррупция кўламининг дунё бўйича кенгайиб кетиши унинг хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоланишига олиб келди. Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир давлатнинг вазифаси ҳисобланади ва бу халқаро шартномаларда мустаҳкамлаб қўйилган.
БМТ Бош котиби А. Гутерришнинг маълум қилишича, ҳар йили коррупция туфайли етказиладиган зарар миқдори бутун дунё бўйлаб тахминан 3.6 трлн АҚШ долларини ташкил қилади.
Сўнгги вақтларда амалга оширилаётган жиддий ислоҳотлар қаторида Ўзбекистон учун коррупцияга қарши курашиш асосий аҳамиятга эга вазифалардан бирига айланди. Чунки коррупция нафақат демократиянинг, умуман ҳар қандай тараққиётнинг кушандаси экани маълум.
Шундай экан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш коррупцияга қарши курашиш, аҳолида коррупцияга нол тоқат муносабатни шакллантириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Шунга кўра, жорий йил 16 март куни вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят касбий таълимини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси билан ҳамкорликда Андижон шаҳридаги "Абу Али ибн Сино" номидаги жамоат саломатлиги техникумида техникум ўқитувчилари ва ходимлари иштирокида "Коррупция – тараққиётга таҳдид" мавзусида ўқув семинар ташкил қилинди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Д.Абдумаликов томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонуни мазмун-моҳияти, Коррупция тушунчаси, Коррупцияга қарши курашишда Адлия вазирлигининг вазифалари ҳамда адлия органлари ва муассасалари томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида иштирокчиларга батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Шунингдек, тадбирда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 24 февралдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғининг аҳамияти ҳақида ҳам иштирокчиларга тушунтиришлар бериб ўтилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий муаммоли ҳолатлар юзасидан саволларига жавоблар олдилар.
Андижон вилоят адлия бошқармаси