June 16, 2021

Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топилиши натижасида ходимга етказилган маънавий зарар ундирилди

Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан Булоқбоши тумани, Ширмонбулоқ МФЙ, Шўрбулоқ кўчаси, 52-уйда яшовчи фуқаро З.Ннинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топилиши натижасида етказилган маънавий зарарни ундиришда амалий ёрдам сўраб, йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаро З.Н Булоқбоши туман ахборот кутубхона марказига 2019 йил 11 ноябрдаги 7-сон буйруғи билан марказнинг ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш бўлимига хизмат раҳбари лавозимига ишга қабул қилинган ҳамда шу сана билан 13-сон меҳнат шартномаси тузилган.

Марказ директорининг 2020 йил 21 декабрдаги 24-к-сон буйруғига асосан фуқаро З.Н билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 3 ва 4-бандларига асосан бекор қилинган.

Ушбу буйруқни қабул қилишда меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги сабабли уни ғайриқонуний деб топиш бўйича судга даъво ариза киритилди.

Андижон вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2021 йил 15 апрелдаги ажрими билан жавобгар Булоқбоши туман ахборот кутубхона марказининг 2020 йил 21 декабрдаги 24-к-сон буйруғи ғайриқонуний деб топилган, даъвогар З.Н Булоқбоши туман ахборот кутубхона маркази ахборот коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш хизмати раҳбари вазифасига ишга тикланган ҳамда ажрим билан даъвогар З.Н фойдасига жавобгар Булоқбоши туман ахборот кутубхона маркази ҳисобидан мажбурий прогул кунлари учун 5 204 751 сўм миқдорида (ушланмалардан сўнг) иш ҳақи ундириш белгиланган бўлиб, ушбу ажрим ҳозирги кунда кучида ва юқори инстанция томонидан белгиланган тартибда бекор қилинмаган.

Фуқаро З.Н мурожаатида 2020 йил 21 декабрда ғайриқонуний ишдан бўшатилганлигини, ҳуқуқлари поймол қилинаётганлигини, 2020 йил
21 декабрдаги буйруқ ғайриқонуний деб топилганлиги сабабли унга етказилган маънавий зарарни қоплаб беришни сўраган.

Меҳнат кодексининг 112-моддасига кўра, ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.

Зарарни қоплаш мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш шартлигидан
(275-модда), меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёки ходим бошқа ишга ўтказилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлашдан, маънавий зарар учун компенсация тўлашдан иборатдир. Маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, Фуқаролик кодекснинг 1022-моддасида маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланиши, зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозимлиги, жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланиши, шунингдек маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланиши белгиланган.

Юқоридагиларга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судига фуқаро З.Н манфаатида маънавий зарарни ундириш бўйича даъво ариза киритилган эди.

Суднинг 2021 йил 10 июндаги ҳал қилув қарори билан фуқаронинг бир ойлик ўртача иш ҳақи миқдорида (1 млн. 600 мингдан ортиқ) унга етказилган маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Андижон вилоят адлия бошқармаси

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими