May 15, 2020

ОИЛА-БУ МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Оила жамиятимизнинг бошланғич бўғини, элимизнинг гўзал урф-одатлари ва қадриятларини ўзида асравчи муқаддас мўъжаз маскан. Барча эзгуликлар ҳам оиладан бошланади, ундан маҳаллага кўчади, жамиятга кириб боради.

Оила – бу муқаддас қўрғон, ота–она ва фарзандларнинг маънан, жисмонан, руҳан етуклиги, комиллиги уни бойитиб туради. Шунингдек, у кишилар ҳаётининг энг муҳим қисми, жамиятнинг кичик бўлагидир. Бугунги кунга келиб Оила масаласи юртимизда муҳим аҳамият касб этиб бўлди. Чунки бизда азал-азалдан ривож топиб шаклланиб келаётган миллий қадриятларимиз асоси, негизини айнан оила ташкил этади.

Қолаверса, мамлакатимизнинг истиқлолга эришиши ҳам оилавий қадриятларнинг тикланишида муҳим омил бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Юртбошимиз томонидан йилдан-йилга оила истиқболи, унинг аъзолари маънавиятини юксак даражага олиб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Шу маънода, мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш - давлатимиз сиёсатига молик масала сифатида баҳоланади. Бу каби саъй-ҳаракатлар юртимизда соғлом авлоднинг шаккланиши ва оилалар мустаҳкамлигининг жамиятда кенг қарор топишига асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифа ва тадбирларни амалга ошириш бўйича вилояимизнинг барча маҳаллаларида “ЙЎЛ ХАРИТАСИ” яратилган бўлиб, унинг ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар, туманлар аҳолиси ўртасида қатор муҳим тадбирларни амалга ошириш, оилалар билан янада яқин мулоқот қилиш борасида қатор чора тадбирлар қўлланилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳодиса саналсада, жамиятдаги мавжуд ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий муносабатлар билан белгиланади ва улар таъсирида ўзгариб боради. Шунга мувофиқ, ҳар бир жамият ўзгариб мос оила типини, оилавий муносабатларни ўрнатади. Шу боисдан, ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш ва оилани нуфузини кўтариш мақсадида БМТ томонидан 1993 йил 5 май Халқаро оила куни деб эълон қилинган бўлиб, бу кун байрам сифатида ҳар йили нишонланади.

Андижон вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи - Умидбек Хакимов

Андижон вилояти адлия бошқармасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари: