November 18, 2020

НОТАРИУСЛАР НИМА УЧУН ИШДАН БЎШАТИЛМОҚДА?

Судга берган доим ҳақми?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда айрим собиқ нотариусларнинг ишдан ноҳақ бўшатилганини иддао қилиб, блогерларни жалб қилган ҳолда нотўғри ахборот тарқатиши ҳолатлари кузатилмоқда. Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида қуйидагиларни маълум қиламиз.

Нотариат соҳасини тозалаш: жанг қурбонсиз бўлмайди

Нотариат соҳасида кўп йиллардан бери йиғилиб қолган муаммолар, хусусан, ноқонуний иш юритиш, коррупция, профессионал талабларга жавоб бермаслик каби ҳолатларга қарши жиддий кураш бошланган. Бу борада шаффофлик, жамоатчилик назорати, сирли мижоз сингари тадбирлар билан бир қаторда нопок, талабга жавоб бермайдиган ходимларга интизомий чоралар кўриш ва баъзан ишдан бўшатиш усулларига ҳам мурожаат этилмоқда.

Хусусан, қонун ҳужжатлари талабларини бузганлиги ва нотариус лавозимига нолойиқ қилмишлари учун 2019 ва 2020 йиллар давомида республика бўйича 25 нафар нотариуслар ҳамда 33 нафар нотариал идора ходимлари ишдан бўшатилди.

Жумладан, 7 нафар нотариус ва 11 нафар нотариус ходими фуқаролардан ортиқча пул олганлиги учун, 2 нафар нотариус ва 6 нафар нотариус ходими меҳнат ва ижро интизомига риоя этмаганлиги учун, 8 нафар нотариус ва 3 нафар нотариус ходими нотариал ҳаракатларнинг махфийлигига риоя қилмаганлиги учун, 6 нафар нотариус ва 13 нафар нотариус ходими нотариат тўғрисидаги қонунҳужжатларига риоя қилмаганлиги учун, 1 нафар нотариус тўловларни нотўғри ундирганлиги ҳамда 1 нафар нотариус жиноий жавобгарликка тортилганлиги сабабли ишдан бўшатилган.

Шундан, 5 нафар нотариус ва 1 нафар нотариал идора ходимларининг ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризалари судлар томонидан кўриб чиқилиб, уларнинг ишдан бўшатилиши қонуний деб топилган.

Аъзам Шербаев нима учун ишдан бўшатилган эди?

Энди бевосита Андижон шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси собиқ нотариуси А.Шербаевнинг даъволарига келсак. А.Шербаев нотариал ҳаракатларнинг махфийлигига риоя қилмаганлиги ҳамда бошқа ҳуқуқбузарликлари учун ишдан бўшатилган.

Хўш, ушбу ходим фақат бир марта билмай қилган хатоси учун ишдан бўшатилганми? Албатта, ундай эмас.

А.Шербаевга нисбатан шу лавозимда ишлаган даврда меҳнат ва ижро интизомига риоя этмаганлиги ҳамда содир этган бошқа қонунбузилишлари учун жаъми 8 маротаба(!) интизомий жазо чоралари, хусусан, 2012 йилда “хайфсан”, 2013 йилда “хайфсан” ва 2 маротаба жарима, 2016 йилда “хайфсан”ва жарима, 2018 йилда жарима ва 2019 йилда “меҳнат шартномасини бекор қилиш” чоралари қўлланилган.

Жумладан, А.Шербаев гаровдаги мулкларни тақиққа қўймаган, бунинг натижасида гаровга олинган мулклар сотиб юборилган ҳамдагаровга олувчи тижорат банклари томонидан берилган кредитларни қайтмаслигига сабаб бўлган,140 дан ортиқ гаровдаги мулкларга қўйилган тақиқлар тўғрисидаги маълумотларни ҳамда 700 дан ортиқ (!) мерос ишини “Нотариус” ахборот тизимига киритмаган, нотариал ҳаракат томонлари шартномани фақат нотариус ҳузурида имзолашлари шарт бўлса-да, сайёр нотариал ҳаракатда бошқа шахснинг сотувчига шартномани имзолатишига йўл қўйган,нотариал ҳаракатларнинг нотариал идорада сақланадиган 4 мингдан ортиқнусхаларига А.Шербаевнинг ўзи имзо қўймаган ва гербли муҳр билан тасдиқламаган ва бошқалар.

Бундан ташқари, А.Шербаев штатдан ташқари шахсларни нотариал идорада ишлатганлиги сабабли унга нисбатан 2018 йил 27 сентябрда интизомий жазо қўлланилган. Бироқ у тегишли хулоса чиқармаган ва 2019 йил 25 июнда икки нафар бегона шахсни нотариал идорада ишлатиб,сир сақланиши шарт ҳисобланадиган маълумотларнинг бегона шахсларга ошкор бўлишига такроран шароит яратганлиги аниқланган.

Бу ўринда масаланинг нақадар муҳимлигини тушунитириш учун нотариал ҳаракатларнинг махфийлиги тушунчасига изоҳ бериб ўтамиз. Нотариал ҳаракат тўғрисидаги қонуннинг 6-моддасига кўра нотариуснинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилиши, ҳатто меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши, тақиқланади.Чунки нотариал сир шахсга доир маълумотларнинг дахлсизлигини таъминловчи муҳим тамойил саналади. Бу тамойилнинг бузилиши ортидан жиддий оқибатлар келиб чиқиши, ҳатто жиноятлар рўй бериши мумкин.

Шу сабабли мазкур қоиданинг бузилиши нотариус учун кечирилмас айб деб баҳоланади.

Юқоридаги ҳолатлар А.Шербаевнинг нотариус лавозимида ҳалолва виждонан ишламаганлигини, мунтазам равишда қонун бузилишларига йўл қўйиб келганлигини кўрсатади.

А.Шербаевнинг нотариал ҳаракатлар махфийлигига риоя қилмаганлиги ҳамда унинг бошқа ҳуқуқбузарликлари инобатга олиниб, 2019 йил 16 июлда ишдан бўшатилган.

Суд жараёнлари ва ахборот хуружи

А.Шербаев шу кунгача ишдан бўшатилишдан норози бўлиб бир неча бор судларга мурожаат қилиб келмоқда.

Хусусан, унинг ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни бекор қилиш ҳамда ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризасини фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди, кассация шикоятини фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти суди кассация инстанцияси ва назорат тартибидаги шикоят аризасиниЎзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати кўриб чиқиб, А.Шербаевнининг ишдан бўшатилишини қонуний деб топган.

Шунингдек, А.Шербаев фойдаланмаган таътиллари учун Андижон вилоят адлия бошқармасидан компенсация ундириб бериш ҳақида ФИБ Андижон туманлараро судига даъво аризасини киритган.

Суд томонидан ушбу даъво аризасини кўриб чиқишда мутахассис жалб қилиниб, мутахассис хулосасига кўра, Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан А.Шербаевга фойдаланилмаган таътиллар учун компенсациялар ўз вақтида тўлаб берилган деб топилган ҳамда ФИБ Андижон туманлараро судининг 2020 йил 25 августдаги ҳал қилув қарорига асосанА.Шербаевнинг даъво аризаси қаноатлантиришдан рад қилинган.

Шу баробарида А.Шербаев бир неча бор блогерлар орқали ва ўзи шахсан ижтимоий тармоқларда бир томонлама, холис бўлмаган маълумотларни тарқатиб келмоқда. Бу эса жамоатчиликда мавжуд ҳолат юзасидан нотўғри муносабат шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Албатта, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилиб судларга мурожаат этиши – уларнинг қонуний ҳуқуқи. Бироқ бу жараёнда асосланмаган маълумотлар тарқатилиши, ахборот майдонида ортиқча шов-шув кўтариш орқали жамоатчиликда нотўғри хулосалар пайдо қилиниши ҳамда давлат органларининг обрўсига путур етказилишига йўл қўйиб бўлмайди.

Шу ўринда ахборот тарқатувчилар, хусусан блогерларга масалани ҳар томонлама ўрганиб, жамоатчиликка холис ахборот етказиб беришлари нақадар муҳимлигини яна бир бор таъкидлаймиз. Зеро нотариат тизимининг ҳалол ва қонуний ишлаши миллионлаб фуқароларимиз учун ҳамда ҳуқуқий давлат қуриш учун муҳим масала ҳисобланади.

Андижон вилояти адлия бошқармаси