August 28, 2020

Волонтёрлик фаолияти нима?

Волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади

2019 йил 2 декабрда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун қабул қилинган.

Қонуннинг мақсади волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиришдан иборатдир.

Волонтёрлик фаолиятининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

  1. фуқароларни аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган турли хил жамоат фаолиятига жалб этиш механизмларини шакллантириш;
  2. ижтимоий вазифаларни ҳал этишда жамиятга ёрдам кўрсатиш;
  3. волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
  4. аҳолида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш;
  5. фуқаролар томонидан ижтимоий вазифаларни ҳал этиш учун ўзини ўзи намоён этиш ва ўзини ўзи ташкил этиш кўникмаларини олиш

САВОЛ. ВОЛОНТЁРЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ ШАКЛЛАРИ ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ ҚАНДАЙ?

Волонтёрлик фаолиятининг қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

  • якка тартибдаги волонтёрлик фаолияти;
  • волонтёрлар гуруҳи таркибидаги волонтёрлик фаолияти;
  • волонтёрлик ташкилоти орқали волонтёрлик фаолиятидан иборат.

Волонтёрлик фаолияти қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

  • кам таъминланганларни, ишсизларни, кўп болалиларни, бошпанасизларни, қаровсиз қолганларни, шунингдек ижтимоий реабилитацияга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида волонтёрлик ёрдами кўрсатиш;
  • беморларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, ёлғизларни, қарияларни ҳамда ўзининг жисмоний, моддий ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари сабабли қўллаб-қувватлашга ва ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни парваришлаш;
  • табиий ёки техноген тусдаги фавқулодда вазият оқибатида, алоҳида режим, фавқулодда ҳолат жорий этилганда, ижтимоий можаролар, бахтсиз ҳодисалар натижасида жабрланган фуқароларга, шунингдек жиноятлардан жабрланганларга, қочқинларга ёрдам кўрсатиш;
  • оммавий спорт, маданий тадбирларни ва бошқа жамоат тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ миллий ҳамда халқаро аҳамиятга молик тадбирларни ўтказишга кўмаклашиш;
  • алоҳида давр ва фавқулодда ҳолат ҳуқуқий режимларининг амал қилиши вақтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига, бошқа ҳарбий идораларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик ёрдами кўрсатиш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа йўналишларни амалга оширади.