May 8, 2020

“Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

⚡️ Ҳар бир туман (шаҳар)да математикага ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади

Қарорга мувофиқ, математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Мактабгача ёшдаги болаларда илк математик тасаввурларни шакллантириш бўйича замонавий педагогик технологияларни жорий қилиш, ҳудудларда математика фанига ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ривожлантириш ҳамда янги мактабларни ташкил этиш устувор йўналишлардан биридир.

Қарорга кўра, ҳар бир туманда (шаҳарда) математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар (Ихтисослаштирилган мактаблар) босқичма-босқич ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган мактабларда мактаб директори тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг иқтисодий ва бошқарув жараёнларига математик усуллар ва моделларни жорий қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Математика фани чуқурлаштирилиб ўқитиладиган синфлар босқичма-босқич, мавжуд эҳтиёж ва ўқувчиларнинг қобилиятидан келиб чиқиб ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган мактабларда ўқувчилар белгиланган тартибда танлов асосида саралаб олинади.

Математика фани чуқурлаштирилиб ўқитиладиган синф битирувчилари тегишли ОТМларнинг математика таълим йўналишларига улар учун белгиланган мақсадли параметрлар бўйича ўқишга қабул қилинади.

Миллий сертификатга эга абитуриент давлат ОТМга киришда математика фани бўйича тестдан озод қилинади

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар Математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.

  • Миллий сертификатлаш тизими доирасида:
  • математикани билиш даражасини баҳолаш ва бу тўғрисида миллий малака сертификатини бериш ўрнатилган тартибда Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади;
  • математикани билиш даражасини баҳолаш табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади;
  • имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга абитуриент давлат ОТМга ўқишга киришда математика фанидан тест синови топширишдан озод этилади ва унга математика фани учун белгиланган максимал балл берилади;
  • 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани бўйича ўқитувчилари тегишли даражадаги миллий сертификатга эга бўлишлари мажбурий ҳисобланади;
  • миллий сертификатнинг тегишли даражасига эга математика фани ўқитувчиларига (Ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани ўқитувчиларидан ташқари) улар фаолият олиб бораётган давлат таълим муассасасининг жойлашувига қараб базавий тариф ставкасига нисбатан 25 фоиздан 50 фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

Президентнинг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди

  • Қарорга мувофиқ, Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти (Институт) таркибида Математика таълими бўйича ўқув-услубий материалларни мувофиқлаштириш лабораторияси ташкил этилади.
  • 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат таълим муассасаларида қўлланиладиган математика фани бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқишда мажбурий тартибда Институтнинг эксперт хулосаси олинади.
  • ✏️ Қарор билан математика соҳасидаги фундаментал ва амалий илмий изланишлари натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечимини таклиф этган олимларни мукофотлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди.
  • Мукофот билан Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тақдирланади.
  • Мукофот икки йилда бир марта Президент томонидан Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашининг таклифига кўра учта йўналиш (фундаментал соҳадаги тадқиқотd, ёшлар ўртасидаги тадқиқот ва иқтисодиётнинг реал секторидаги муаммонинг ечимини таъминлаган тадқиқот) бўйича берилади.
  • Ҳар бир йўналиш бўйича мукофот совриндорларига 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги пул мукофоти берилади.
  • Шунингдек, қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида Институтнинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.
  • Ҳудудий бўлинмалар юридик шахс ҳисобланмайди ва институтнинг таркибидаги илмий бўлинмалари сифатида фаолият юритади.

Андижон вилоят адлия бошқармаси

Андижон вилояти адлия бошқармасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари: