“КОРРУПЦИЯ - ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ”
Коррупция нафақат республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммо ҳисобланади.
“Коррупция” лотинча сўз бўлиб, «порага сотилиш, айниш, бузмоқ» деган маъноларни англатади. Яъни коррупция - сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир. Коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яхши маълум.
Ҳисоб-китобларга кўра айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштириларкан. Бу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк, пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар инобатга олинмагани коррупция муаммолари билан шуғулланувчи «Transparency International» ташкилотининг маълумотларида таъкидланган. Шу боис коррупция ва порахўрликни ҳеч иккиланмай «тараққиёт кушандаси» деб аташ мумкин. Ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳам бу иллатларни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, уларга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, БМТнинг 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияси халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг лойиҳаси икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат иштирокида муҳокама этилган эди. Унда коррупцияга қарши халқаро ва миллий кураш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2008 йил 7 июлда қўшилган.
Маълумки, 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонунини мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида ташланган дадил қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 211- ва 212-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Масалан, 211-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага биноан «Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади». Шунингдек, 212-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага асосан «Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади». Яъни, пора берган ва пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг ўз айбига иқрор бўлиб хабар бериши ушбу оғир жиноятнинг пайини қирқишга хизмат қилади.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти, ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция домига тушиб қолмасликларини таъминлаш, уларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида ҳукуматимиз томонидан узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ижроси доимий назорат қилинаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 3 январь куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни коррупцияга қарши курашиш борасида энг муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун 34 моддадан иборат бўлиб, унда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг бу борадаги ваколатлари, коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар ва уларнинг ваколатлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси, судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги масалалари белгилаб қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.
Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси
З.Тохтасинов