April 17, 2021

“ОДИЛ СУДЛОВНИНГ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИ ОЛДИНИ ОЛИШДАГИ МУҲИМ ЎРНИ”

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади - инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати - суд ҳокимияти нуфузини ошириш, судларнинг чинакамига мустақиллигини таъминлаш, демократик, инсонпарвар ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини кучайтиришдан иборатдир. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, суд ҳокимиятининг нуфузи энг аввало, мазкур органлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларнинг ижро кучига боғлиқдир. Шу жиҳатдан олиб қараганда, шахс ҳуқуқларини чеклашнинг суд тартибида амалга оширилиши, шунингдек, суд тартибида қўлланиладиган маъмурий жавобгарлик чораларини қўллашга оид ҳар қандай суд қарорининг амалда тўлиқ ижро этилиши биринчи навбатда, ишда иштирок этувчи шахслар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминласа, иккинчи томондан, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш орқали суднинг обрўсини янада оширишга шароит яратади.

Маълумки, амалдаги қонунчилигимизда одил судлов соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш функциясини амалга оширишда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик муҳим аҳамият касб этади. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга аниқ белгиланган маъмурий чекловларни қўллаш орқали қатъий тартиб-таомилларни жорий этиш асносида одил судловнинг амалга оширилишига эришилади.

Ҳуқуқшунос олим А.В.Цихоцкий бу ҳақида фикр юритиб, турли тарихий даврлар ва давлатларда одил судлов ўзига хос хусусиятларга эга бўлган бўлиб, унинг айрим белгилари ўзгарган бўлса-да, бироқ моҳияти ҳар доим суднинг ҳуқуқ тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш борасидаги адолатли фаолиятининг натижаси сифатида эътироф этилган, дея таъкидлайди. Ҳуқуқ тушунчасининг асосида эса, ҳақиқат ва адолат тамойиллари мужассам.

Одил судлов тушунчаси ҳуқуқ назариясида ўзининг кўп аспектли ва мазмундорлиги билан ифодаланади. Амалдаги қонун ҳужжатлари ва суд амалиётида ушбу тушунча жуда кўп учрайди. Юриспруденция ихтисослигининг махсус йўналишларидаги тадқиқот ишларида одил судлов суд ҳокимиятининг фаолиятини характерловчи асосий белги сифатида қайд этилган.

Одил судловнинг моҳиятини амалдаги қонунчилик асосида изоҳлайдиган бўлсак, Жиноят процессуал кодексининг 455-моддасида ҳукмнинг қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шартлиги кўрсатилган. Шу билан бирга амалдаги Жиноят кодексида белгиланган «одиллик», «айб учун жавобгарлик», «жавобгарликнинг муқаррарлиги» каби принципларни инобатга оладиган ҳамда содир этилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси ушбу мезонлар доирасида танланадиган бўлса, жазодан кўзланган натижага, яъни шахсни тарбиялашга эришилмасдан қолмайди. Мамлакатимиз жиноят қонунчилигида ҳам, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда ҳам жазодан мақсад энг аввало, шахсни тарбиялаш экан, демак, бунга айнан одил судловнинг халқаро ва миллий стандартларига тўла риоя қилиш билангина эришилади. Бу эса, ўз ўзидан нафақат ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни тарбиялаш, балки уни кўриб, эшитиб турган шахсларни, керак бўлса, бунга гувоҳ бўлган бошқа шахсларнинг ҳам тарбияланишига туртки бериш асносида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олди олинишига замин яратилади. Айни пайтда бундай фаолият ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалда таъмин этишда энг самарали воситаси ҳисобланади. Бинобарин, 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифаларидан бири сифатида - шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш назарда тутилган. Шубҳасиз, ушбу вазифаларнинг бажарилиши жамиятда барқарорликнинг таъминланишига кўмаклашади.

Шунингдек, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасида «Судга ҳурматсизлик қилиш» - деб номланган махсус норма мавжуд. Ушбу ҳуқуқбузарлик объектив томондан - гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки мазкур шахслар ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси пайтида тартибни бузишда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизлик қилишдаги ҳаракатларида ифодаланади.

Судга ҳурматсизлик қилиш, яъни суднинг чақирувига биноан узрли сабабларсиз келмаслик ёки судда раислик этувчининг фармойишларига бўйсунмаслик ёхуд суд мажлиси вақтида тартибни бузиш ёинки умуман суднинг обрўсига путур етказувчи қилмишлар суднинг фаолиятига жиддий таъсир кўрсатади, суднинг нуфузига путур етказиб, суд залида иштирок этаётган процесс иштирокчиларига халал бериши мумкин. Оқибатда ишни қонуний, асосли ва адолатли ҳал этишга етарли имкон бўлмаслиги мумкин.

Юқорида қайд этилган ҳар бир хатти-ҳаракат суд процесси иштирокчиларига нисбатан беписанд қараш асносида суднинг обрўсига жиддий путур етказишга қаратилганлиги билан ижтимоий хавфли қилмиш ҳисобланади. Бу албатта, шундай қилмишни содир этишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан жиддий ҳуқуқий таъсир чораларини кўришни тақозо этади.

Амалиёт шуни кўрсатадики, жиноят ишлари бўйича суд процесси иштирокчилари сифатида гувоҳ ва жабрланувчилар(баъзан ҳатто процесснинг бошқа иштирокчилари ҳам) нафақат ахлоқий жиҳатларни унутиб қўядилар, балки улар суднинг чақирувига нисбатан умуман эътиборсиз қарайдилар ва процессга узрсиз сабаблар билан келмайдилар. Оқибатда кўрилаётган иш бир, икки ва ҳатто уч мартагача ҳам кейинга қолдирилаверади. Баъзан эса, процесс иштирокчиларини судга чақириш уларда норозилик кайфиятини пайдо этиб, ҳатто суд залини беписандлик билан тарк этиб кетиб қоладилар. Бундан ташқари айрим ҳолларда ишда иштирок этиши лозим бўлган шахс узоқ муддат хизмат сафарига кетиши, телефон қўнғироқларига жавоб бермаслиги, почта жўнатмаларини қабул қилмаслиги оқибатида ҳам иш кейинга қолдирилади. Бундай ҳолларда ҳатто ушбу шахсларни процессга мажбурий келтиришнинг ҳам имкони бўлмай қолади. Суд ва судьяга нисбатан процесс иштирокчилари томонидан қилинадиган бундай беписандликда ифодаланган шундай ҳаракатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айнан 180-моддаси билан малакаланиши мақсадга мувофиқдир. Бироқ ушбу моддани матни янада такомиллаштириш, уни аниқлаштириш лозим. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси катта илмий ходим-изланувчиси З.АМИРОВ мазкур модда матнини қуйидаги таҳрирда ифодалашни таклиф этган:

180-модда. Судга ва(ёки) судьяга ҳурматсизлик қилиш.

Гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки мазкур шахсларнинг ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси пайтида тартибни бузишда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизлик ёинки судьяни очиқдан-очиқ менсимайдиган хатти-ҳаракатларни содир этишда ифодаланган ҳурматсизлик қилиш.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, одил судловни таъминлаш судьялар фаолиятининг бош мезони, амалдаги қонунларнинг асосини ташкил этади. Бу орқали жамиятда содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан адолатли чоралар қўлланилиши таъминланади, оқибатда ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олди олинишига эришилиши ҳамда бошқа шахсларга нисбатан тарбиявий таъсир кўрсатиш таъминланади

Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси

З.Тохтасинов