Коррупция миллатни таназзулга етакловчи иллат.
Коррупция билан биз ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз.
Шавкат Мирзиёев
Коррупция ҳақида фикр юритишимиздан олдин Коррупция сўзининг маъносини билиб олишимиз керак. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илк қонунчилик ташаббуси билан парламентга киритилган ва Президент сифатида илк имзолаган қонуни 2017-йил 3-январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди. Бу қонун Ватанимиз қонунчилигида тарихий воқеа эди. 6 боб ва 34 моддадан иборат ушбу қонунда Коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар ва меъёрлар белгиланган. Қонунда Коррупцияга шундай таъриф берилган: “Коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”.
Коррупция миллатни таназзулга етакловчи, давлатни заифлаштирувчи кўринмас кучдир. Коррупция қачон пайдо бўлади, қачонки сабаб ва шароит бўлса. Масалан инсон билан инсон тўқнашуви яъни манфаатлар то`қнашуви бор жойда албатта Коррупция бўлади. Шунинг учун ҳам Президентимиз ташаббуси билан Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Бунда инсон билан инсон омили тўқнашмайди. Ҳужжатлар электрон шаклда айланади. Бу тизим инсонлар ўртасидаги “олди-берди”ни кескин камайтирди.
Коррупцияга қарши курашишда Сингапур тажрибаси яққол намуна. Сингапур 50- йиллар қашшоқ мамлакат эди. Сингапурнинг буюк ислоҳотчиси Ли Куан Ю қуйидаги гапларни айтган: “Коррупция учун 3 тагача қариндошингизни қаматинг”. Сингапурда Коррупцияга қарши кураш бўйича бюро ташкил этилган. Бюро ҳар бир давлат хизматчиси харажатлари даромадларидан ортиқ бўлса, жиноий иш очилади. Бугунги кунда Сингапур дунёдаги энг Коррупция лашмаган давлат. 2003-йил 31-октабр куни БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича универсал конвенсияси қабул қилинди. Бу эса муаммонинг кўламидан дарак беради. Президентимизнинг сиёсий иродаси билан қабул қилинган қонун халқимиздан иродасига таяниб, ёвуз куч Коррупцияга қарши аёвсиз курашишни талаб қилади.
Исхак Калдеро Адизес Мексика ҳукуматининг сиёсий маслаҳатчиси Коррупцияга қарши курашиш, демократия, бугунги жамиятдаги тафовутлар ҳақида сўз юритиб, “Нима учун Коррупция ҳодисаси кенг тарқалган ва унга қарши қандай курашилмасин, муҳим аҳамият касб этади?” деган саволга: “Яҳудийларда бир мақол бор: девордаги туйнук ўғрини жалб этади. Ҳозирда дунё изчил ўзгаришларни бошидан кечирмоқда- иқтисодиёт, одамлар ҳаёти, технологиялар жуда тез ўзгармоқда. Ана шу ўзгаришлар боис мамлакатда бошқарув издан чиқмоқда ва девордаги туйнуклар кўпайиб бормоқда. Давлат тизими ишламайдиган жойда Коррупция айланма йўлларни топишга ёрдам беради. Шунинг учун унга қарши қатъий жазолар билан масалан, Хитойдаги каби қатл қилишлар билан курашиб бўлмайди. Агарда Коррупцияга барҳам берилса, ҳамма нарса ишлашдан тўхтайди. Гап шундаки, Коррупция бюрократиянинг тескари томони: масалан, ўша Мексикада олма ҳосилини териб олиш керак, давлат ҳосилни териб олишни назорат қилувчи 88 та қоидани ўрнатган. Бундай шароитда ишлаш учун одамлар истаса-истамаса қонунни бузишларига тўғри келади. Шу боис, Мексика президентига бизнеснинг барча соҳаларида тартибга солишни соддалаштириш, уни янада тушунарли ва шаффоф қилишни маслаҳат бердим”, деб жавоб берганлигини қайд этади.
Давлатимизда Коррупцияга қарши кураш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назорати фаолияти йўлга қўйилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 9-февралда Ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган маърузасида : “Кадрлар билан ишлаш масаласи узоқ вақт давомида вазирлик раҳбариятининг эътиборидан четда қолиб кетган. Бу эса ички ишлар идоралари ходимларида “шараф” (честь) тушунчаси йўқолишига олиб келган, янги ходимларни ишга қабул қилишда аксарият ҳолларда таъмагирликка йўл қўйилган”лиги кескин танқид остига олинган.
Шу ўринда Коррупцияга қарши курашиш масаласининг яна бир томонига эътибор қаратсак. Нобоп “муомала қилиш”, “келишиш”га мойил раҳбар ёки бошқа бир масъул нафақат ташкилотга, жамиятга, ишчи-ходимларга зиён етказади, балки бундай одам билан ташкилотнинг айниқса, ёш кадрларнинг вақти, умри беҳуда ўтади. Раҳбар ҳаммага ўрнак бўлиб, ҳалол ишлаб, фидойилик кўрсатиш ўрнига, йиғилишларда бир гапни гапириб, ўзи бутунлай тескарисини қилса, ундан ёш кадрлар нимани ўрганади?. Қандай ўрнак олади?...
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларга “ягона дарча “ тамойили орқали хизмат кўрсатиляпти, ягона портал орқали давлат хизматлари электрон шаклда тақдим этиляпти. Тўғри ишлаб, тўғри яшаш саодатини болаликдан, ёшликдан ўрганган одам мард ва ҳалол бўлади. Адолатсизлик, қонунга ҳурматсизлик, касбу-у амалга, ишончга хиёнат қилиб бўлмаслигини ўқиб-уққан, порахўрлик ва Коррупцияга, суиистеъмолчиликка қарши ўзида иммунитет ҳосил қилган ёшлар келажакда журъатли, виждонли инсон бўлиб етишади.
Юқоридаги қонунга кўра, Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди. Ушбу комиссия фаолият тартиби Президент томонидан белгиланади. Сенат ҳузурида Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилди, Адлия вазирлиги тизимида Коррупцияга қарши кураш бо`лими ташкил этилди; Бош Прокуратура ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ташкил этилди.
Агар қонун ҳаётда ишламаса унинг бир варақ оддий қўгоздан фарқи қолмайди. Шундай экан, “Коррупция ҳақида қонун қабул қилинди, энди ҳаммаси изига тушиб кетади”, деб ўйлаш хато бўлади. Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак.
Коррупцияга алоқадор одам қонунни бузишдан ташқари ўзининг кимлигини, эътиқоди, маънавияти қай даражада эканини ошкор қилади. Бундай одам нафақат молиявий зиён-заҳмат етказади, балки давлатни, демократияни беҳурмат қилади, обрўсини тўкади, унга нон-туз бериб катта қилган, илм-у ҳунар, обрў ва мансаб берган эл-юртнинг юзига оёқ қўяди.
Муҳтарам Президентимизнинг Коррупцияга қарши ҳаракатни умуммиллий вазифага айлантирмасдан туриб, кўрилаётган чоралар самарадорлигига эришиб бўлмаслиги ҳақида сўз юритар экан, қуйидагиларни таъкидлаб ўтган: “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали кураша олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар балки, ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган Коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт. Илғор хорижий тажрибалар ва Конституциямиз талабари асосида Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил қилишни таклиф этаман. Ушбу қўмиталар барча бўғиндаги давлат идораларида Коррупцияга қарши курашни янада кучайтиришга вакиллик органи сифатида муносиб ҳисса қўшиши лозим.
Қонун ижросини таъминлаш мақсадида 2017-йил 2-февралда мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланга эди. Коррупцияга қарши курашнинг биринчи шарти- инсон дунёқарашини ўзгартиришдир. Грузия давлатида мансабдор шахс билан инсон юзма –юз учрашишига барҳам берилган, Агар сизга бир соатда пасспорт керак бўлса, 100 доллар тўлайсиз. 10 долларга ўн-ўн беш кунда тайёр бўлади.
Таълимга Коррупция аралашиши энг фожиали ҳолатдир. Чунки ЖАРнинг Сеттл университети пештоқига шундай ёзилган: “Агар бирор давлатни йўқ қилмоқчи бўлсанг таълим сифатини пасайтир. Коррупция илдиз отсин, натижада бу тизимдан етишиб чиққан шифокорлар қўлида беморлар жон беради, меъморлар қурган уйлар қулаб тушади, судялар қўлида адолат тушунчаси йўқ бўлиб кетади, иқтисодчилар қўлида миллиардлаб пуллар йўқ бўлади. Шубҳасиз бу миллат таназзулидир.
Янгиланаётган Ўзбекистон ҳақида сўз юритар экан, Анқара стратегик тадқиқотлар маркази (“АнкаСам”) директори Меҳмет Сейфитдин Эролнинг қайд этишича, Ўзбекистон эндиликда заиф бир мамлакат эмас, балки замонавий воқеликларга босиқлик билан ёндашадиган, ўз имконият ва камчиликларини холис баҳолай оладиган ҳамда устувор йўналишлари ва стратегик мақсадларини мустақил белгилашга қодир бўлган етук давлатга айланди. Бу янги Ўзбекистондир.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Коррупцияга қарши курашда Муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, ҳар бир фуқаро бу жирканч иллатга қарши кураш яловбардорига айланиши ва ўзининг юксак фуқаролик позициясини намоён этиши керак.
Бандихон туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси А.Р.Азимов