April 22, 2020

Ипотека бўйича бошланғич бадал ва фоизларнинг бир қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

2020 йил 25 март куни Вазирлар Маҳкамасининг “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 182-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ:
ариза берувчи — ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилувчи 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланади.
Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП)да давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Шаҳар ва қишлоқ жойларда қурилган бирламчи бозордаги уй-жойларни сотиб олишга ажратилган ипотека кредитлари бўйича субсидия тўланадиган талабгорларни танлаш комиссия ва масъул ташкилотлар томонидан қонунийлик, шаффофлик, адолат ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида амалга оширилади.
Ариза берувчи томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун ариза бериш муддати йилнинг 1 мартидан 1 октябргача этиб белгиланади. Ушбу муддат тугагандан кейин тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди.
Ариза берувчи туман (шаҳар) Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали тақдим этиладиган ҳужжатлар ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун жавоб беради.
Тегишли ташкилотлар томонидан уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни танлашда фойдаланиладиган маълумотлар (ҳужжатлар) истисно тариқасида тўловларсиз амалга оширилади.
Туман (шаҳар)да уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган талабгорларни танлаш бўйича ташкил этилган комиссиялар томонидан аризалар ўрганиб чиқилади ва қарор билан белгиланган ижтимоий мезонлар бўйича баҳоланади.
Қарорга мувофиқ, даромади юқори бўлмаган оила деб қишлоқ жойларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (кейинги ўринларда — МҲТЭКМ) 3,8 дан 5,8 бараваригача;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида белгиланган МҲТЭКМнинг 4,0 дан 6,5 бараваригача;
Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЭКМнинг 4,5 дан 9,0 бараваригача бўлган оилалар ҳисобланиши белгиланган.
Комиссия талабгорларни аниқлаш бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, масъул ташкилотларнинг баҳолаш натижаларини олган кундан бошлаб 7 иш куни ичида уларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади.
Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар асосида ҳамда ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижаларига кўра ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Комиссия ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш тўғрисида қарор қабул қилганда бирламчи бозордаги уй-жойларни сотиб талабгорга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида ҳамда Тошкент шаҳрида қурилган уй-жойни ипотека кредити асосида сотиб олишда бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида Давлат бюджетидан талабгор номига банкда очилган тегишли ҳисобварағига маблағ ўтказилади.