14.09.2017
Бу кун қандай воқеа билан боғлиқ экан деб бош қотирябсизми? Балки интернетдан излаб ҳам кўргандирсиз ушбу сана билан боғлиқ бирор ҳодисани топиш мақсадида. Лекин бу сиз ўйлагандек кун эмас, балки сизга умуман алоқаси йўқ бир кундир. Аммо бизнинг қаҳрамонимиз учун эмас.
Қаҳрамонимиз Файзиев Ҳасан, Ғузор тумани Тенгдош қишлоғида истиқомат қилади. Қишлоқда Ҳасанни ҳамма танийди, нафақат қишлоқда, балки бутун туманда уни яхши билишади. Ҳаттоки уни Вазир ҳам танийди, қайси бири дейсизми? Адлия вазири Ҳасанжонни ишга қабул қилганлар! Ишонмаслигингиз мумкин, аммо бу ҳақиқат.
Бундан 2 йил олдин, айнан 14 сентябр куни юраги умидга тўла, аммо тушунмаслик ва рад этилишлар оқибатида, тоғдек кўнгли чўккан Ҳасан Қашқадарё вилоятида Адлия вазирининг сайёр қабули бўлаётганидан хабар топди. Сайёр қабул айни ўзининг туманида бўлишини эшитиб, у ҳам қабулга келди. У муаммоси ҳал бўлишига ишонмас, аммо “тирмашган тоғдан ошар” дея қабулга киришни ният қилди.
Унинг муаммоси оддий эди, у ишга киришни истарди. Ўз билими ва кўникмаларини бошқалар билан бўлишишни, жамиятга фойдаси тегишини, одамлар билан ёнма ён бўлиб, давлатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиш эди. Бу кўпчиликнинг муаммоси дерсиз, балки сиз ҳақдирсиз. Бироқ Ҳасан учун бу икки карра муаммо эди. Ҳасан жисмонан имконияти чекланган бўлишига қарамасдан, ишлашни, одамларга фойда келтиришни ҳохларди. У умидсизлик жарига қўлаб, борим шу экан, нима ҳам қила олардим деб, ота онасининг қўлига қараб, давлатнинг нафақасини олиб яшаши ҳам мумкин эди. Аммо у унақа тоифадан эмасди, у бошқача тарбияланган, бошқача ниятлар билан катта бўлган. Унинг ота онаси унга ҳаётда билим олиб, бошқаларга фойда келтириш саодат эканлигини, ўзидан яхши ном қолдириш, ўз меҳнатини билан ҳурмат ва эҳтиромга эришиш лозим эканлигини ўргатишган.
Шу ниятлар билан у мактабдан сўнг 2011 йилда Республика имконияти чекланган шахслар учун касб-ҳунар коллежига ўқишга топширди. “Компютер тизимларига техник хизмат кўрсатиш ва офис қурилмаларини ўрнатиш” йўналиши бўйича таълим олди. 2014 йилда коллежни не – не умидлар билан битириб, ана энди ишлайман деб келса, афсуски унинг орзулари чумчуқдек пир этиб, учди кетди. Коллеж ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан ишга жойлаштириш тўғрисидаги 3 томонлама шартнома бор бўлсада, Ҳасанжон хужжат асосида мавжуд ишига жойлаша олмади. У бошқа идораларга борди, кўп жойларда унинг мутахассислиги бўйича талаб бўлсада, уни ишга қабул қилишмади. Унинг жисмонан имконияти чекланганлиги унинг тўлақонли жамият аъзоси бўлиб ишга жойлашишига ҳалақит қилди деган фикрдан йироқмиз, аммо бу таҳмин ҳам йўқ эмас. Умиди йўқнинг имони йўқ, шу сабабдан ҳам Ҳасан умидини узмади. Сайёр қабул вақтида у бошидан кечирганларини, қандай муаммоларга дуч келганини сўзлаб берди. Алам билан эмас, балки сўнмас умид ва шижоат билан. Бу суҳбат унинг тақдирини ўзгартиришига ишончи кам бўлсада, у ишлаш нияти қатъийлигини, қандай иш бўлсада рози бўлишини айтиб берди. Вазир унинг сўзларини тинглаб, унинг кўзида ёниб турган шижоатини, ғайратини сезиб, унинг муаммосини амалий ҳал этди. Унга “Ягона дарча” марказида ( ҳозирги кунда Давлат хизматлари Марказида) иш таклиф этди. Ҳасан қулоқларига ишонмади, аммо ўзида йўқ севинди. У ҳам энди жамиятга, давлатга фойдаси тегишидан, бўлаётган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўша олишидан бағоят хурсанд эди. Қабулдан сўнг у уйига шошилди, яқинларига хушхабарни тезроқ етказишни ҳохларди. Икки кундан сўнг эса унинг ишга қабул қилинганлик ҳақидаги қарорни олди. Ҳасан уша кунги воқеаларни ҳудди бугунгидек эслайди. Уша кунги ҳаяжони, миннатдорчилик ҳисси ҳозирга қадар уни тарк этмаган. Ҳар бир ишига маъсулият билан ёндашиб, ҳар бир мижозга сидқидилдан хизмат кўрсатади, уларнинг мамнуниятини кўриб қувонади.
Ҳозир Ҳасан Ғузор тумани давлат хизматлари маркази ҳужжатларни қабул қилиш ва топшириш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаб келмоқда Марказининг энг илғор, малакали, хушмуомала ходимларидан бири. Ҳамкасблари билан алоқаларини кўрган одамлар, уларни ака – ука ёки қариндош дейиши аниқ. Яқинда унинг ҳаётида яна бир ёрқин воқеа содир бўлди. У оила қурди, чиройли тўй қилди. Шундай қилиб Ҳасанжон тўлақонли ҳаёт кечириб, ўз кўзлаган ниятлари сари илғор қадам босиб келмоқда. Унинг ниятлари ҳали кўп, у таълим олишни давом эттиришни, бундан ташқари ўзи мустақил равишда ўй олишни ҳам ният қилган. Ниятлари ижобат бўлишини тилаб қоламиз! Айтишадику, ҳар кўнгилда бир гавҳар деб, шундай экан ҳар бир инсонга қалб кўзи билан қарашни, ҳар бир инсонни эъзозлашни, меҳр оқибатли бўлишни унутмайлик!
Давлат хизматлари Агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси Матбуот хизмати
Бизни кўзатишни давом этинг