September 9, 2019

Ҳар бир марказ ўзгача

Куни кеча Косон тумани Давлат хизматлари марказининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилиши муносабати билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Давлат хизматлари агентлиги директори Халилилло Тураходжаев, ва бошқа кўплаб давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирок этишиб, марказда яратилган шарт шароитлар, қулайликлар биринчилардан бўлиб танишиб чиқишди. Албатта ташриф буюрганлар ўз ҳайратларини, мамнунликларини, хурсандчиликларини яширишмади. Чунки бу бино, нафақат Марказ ходимлари ва унга ташриф буюрувчилар учун қўлай, балки туманнинг кўркига чирой бериб, кўрган кишига завқ бағишлайди. Марказда мижозлар учун барча шароитлар яратилган, хусусан кутиш зали, инфокиоск, электрон навбат, 20 та хизмат кўрсатиш ойнаси навбатда узоқ кутиб қолишларнинг олдини олади. Шунингдек, болалар майдончаси ва кутубхона ҳам ташкил этилган бўлиб, давлат хизматлари марказига иши тушиб келганларнинг вақтларини фойдали ўтказишларига шароит яратилган десак муболаға бўлмаса керак.

Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Давлат хизматлари агентлигининг раҳбари, бу каби шароитларга эга марказ вилоятда биринчи эканлигини , келажакда туманнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиши, янада кўпроқ инвестициялар жалб қилиши учун етарли имкониятлари борлигини, асосийси аҳолига шаффоф, қулай ва сифатли хизмат кўрсатишини таъминланиши эканлиги айтиб ўтди.

Очилиш маросимидан сўнг, бошқа Марказларда олиб борилаётгган қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида Агентлик директори Қарши шаҳар давлат хизматлари Маркази биносининг қурилиш майдонига ташриф буюрди.

Қурилиш ишларининг қай тарзда кетаётганлигини кўриб, қурувчилар билан маслаҳатлашиб, айрим жиҳатлари келишиб олинди, шу билан бирга тегишли тавсиялар ҳам бериб ўтилди.

Айтиш мумкинки, бу марказ республика миқёсида биринчиликни қўлга киритишга арзийдиган даражада этиб бунёд этилябти. Нафақат ўзининг ҳажми билан, балки ички ва ташқи дизайни билан ҳам бошқа шаҳар ва туман марказларидан яққол фарқланиши кутилмоқда. Бу тарафи энди қашқадарёчасига, а лаббай? Буни энди очилиш маросимида ўз кўзингиз билан кўриб, гувоҳи бўлишингиз мумкин бўлади.

Давлат хизматлари агентлиги

Қашқадарё вилояти бошқармаси Матбуот хизмати