August 21, 2019

Маслаҳат — зардан қиммат

Муборак туман Давлат хизматлари Маркази ходимлари туман ҳокимлиги, Бош вазир қабулхонаси ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг вакиллари билан ҳамкорликда, 21 август куни Машъал МФЙ да сайёр қабулда иштирок этди. Ушбу сайёр қабул аҳолини қизиқтириб келаётган кўплаб саволларга жавоб топишда, муаммоларнинг ечимини аниқлашга хизмат қилди. Қабул давомида Ўзбекистон Республикасининг 13 август куни чиққан хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб - қувватлаш борасидаги фармони асосида батафсил тушунчалар берилди, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Давлат хизматлари Маркази томонидан ҳозирги кунда қандай янги хизмат турлари, қайси хизматлар эса тўхтатилгани, қайсиларига ўзгартиришлар киритилгани хусусида батафсил маълумот берилди. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ хизмат турлари борасида алоҳида тўхталиб ўтишди.

Саволларнинг асосий қисми тадбиркорларга ер участкаси ажратилиши, савдо шаҳобчалар очиш тартиби, савдо дўкони қуриш учун белгиланган тартиб ва талаб этиладиган хужжатлар ҳақида бўлди. Уларга шу масалалар бўйича батафсил жавоб берилиб, керакли ҳуқуқий тушунтиришлар олиб борилди, яратилган имкониятлар санаб ўтилди. Учрашув охирида маҳалла раиси ва фуқаролар бу каби сайёр қабуллар аҳоли ва тадбиркорлар учун айни муддао бўлганини таъкидлаб ўтишди.

Давлат хизматлари Агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси Матбуот хизмати