“ЭКСТРЕМАЛ” ХИЗМАТ
Одамлар орасида юрсангиз ажойиб ва антиқа гапларни эшитиб қоласиз-да. Зарурат юзасидан электрон рақамли имзо олишга тўғри келди. Шу мақсадда, Давлат хизматлари марказига бордим. У ерга етиб келгач, қарасам одам кўп, оббо, навбат талашарканмизда энди деб турсам, қарасам одамлар бамайлихотир, одатий тажанглик, шовқин сўрон йўқ. Аввалига ҳайрон қолдим, кейин эътибор қилсам одамларнинг қўлида қандайдир патта бор, нима экан деб турсам шу пайт юқорида турган экрандан “тинг” этиб овоз чиқди ва рақам кўринди. Шу вақтнинг ўзида эса, кутиб турганларнинг биттаси қулидаги паттага қаради-ю, тўғри бўш қолган оператор томон шошилди.
Бояги патта – бу навбат кўрсатилган чек эканлигини фаҳмлаб, ён атрофга қарадим, шундай кираверишда электрон навбат аппарати турган экан, бориб ўзимга тегишли хизматни олиш учун навбат олдим, ва кутиш залининг бир чеккасида жойлашиб, навбатимни кута бошладим.
Шу вақт қулоғимга қизиқ бир суҳбат чалинди, бир ёши каттароқ мижоз унга хизмат кўрсатаётган ходимга бир нарсани куюнчаклик билан тушунтириб ётган экан. Ходимнинг сабр билан эшитиб, жилмайиб туришини кўрган мижоз бошқача тушунди шекилли овозини баландлай кетди.
“Мен сенга дардимни айтсаму, сен индамай туриб устимдан кулябсанми, ахир айтябман-ку сенга, ўғлим бошқа туманда туради, лекин пропискаси шу ерда, унга маълумотнома керак, лекин ўзи кела олмайди деб. Сен бўлсанг бир кекса одамни мазаҳ қилябсанми, а?” – дея ушқириб кетгани ҳаммани ларзага солди. Ана, ҳозир жанжал бошланади дегандек,барчанинг диққати шу томонга тортилди. Лекин, кутилгандек бўлмади. Ходим мижозга қараб шундай деди: “Узр, сизни устингиздан кулиш ниятим йўқ эди. Бир нарсани тушунтирмоқчи бўлиб, сўзингизни бўлмаслик учун охиригача эшитиб турган эдим.” Бу гапларни эшитган бояги одам ҳам ҳовуридан тушиб, яна муаммосини такрорлай кетди, аммо бу сафар сал босиқ овозда, гапининг охирида “Эй болам, ёш ўтгач шунақа кўнгилчан бўлиб қолаверар экан-да одам, ҳозир шу ишни ҳал этиш учун ўғлимни чақиришим кераклигини ўйлаб бироз қизишиб кетдим”, - деди. Ходим эса, “Бунга ҳожат йўқ, ҳозирги кунда давлат хизматлари марказларида экстерриториал тамойил асосида хизмат кўрсатиш тартиби жорий қилинган”, - деди. “Нима?!! Экстремал хизмат керак эмас менга, айтябманку ахир ўғлимга маълумотнома керак деб” , - яна асабийлашишни бошлаган мижозни атрофдагиларнинг қаҳ – қаҳ кулгуси тўхтатиб қолди. Ҳа, нима гап дегандек атрофга ҳайрон бўлиб қараган муйсафид охири ходимга юзланди. Ходим эса унга, ЭКСТРЕМАЛ эмас, балки ЭКСТЕРРИТОРИАЛ тамойил асосидаги хизмат дегани бу – сизнинг қайси ҳудудда яшашингиздан қатъий назар, атрофингиздаги энг яқин Давлат хизматлари марказига бориб, исталган турдаги хизматни олишингиз мумкин эканлиги ҳақида батафсил тушунтириб берганидан сўнг ўзи ҳам хандон отиб кулиб юборди.
Маълумот учун: 2019 йил 15 февралда мамлакатимиз раҳбари томонидан “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Унда 2019 йил 1 июндан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олишга ҳақли эканлиги белгиланган. Мазкур қулайликни 1 июнни кутмасдан тезроқ жорий қилиш учун Давлат хизматлари агентлигининг масъул ходимлари томонидан тегишли ишлар амалга оширилиб, натижада юридик ва жисмоний шахслар жорий йилнинг 1 апрель санасидан бошлаб барча хизматлар экстерриториал тамойил бўйича, яъни исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб хизматлардан фойдаланишлари мумкин.
Шу тариқа мен ҳам бу турдаги қулайликдан, нафақат мен, балки ўша куни ўша ерда бўлган ва бу суҳбатни кўрган барча – барча ЭКСТЕРРИТОРИАЛ ХИЗМАТ нима эканлигини яхшилаб эслаб қолганимиз аниқ, ахир оддий эмас нақд – “ЭКСТРЕМАЛ” хизмат-ку бу!