Ўзи мўжазгина, бироқ қулай
Касби туманида 197 минг аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Туманда 41 та маҳалла бор. Муғлон маҳалласи туман марказида жойлашган, маҳаллада эрталабдан байрамона кайфият таралиб турарди. Шўх тароналар, карнай сўрнайлар садоси салкам етти маҳаллага етди.
Сабаби эса бугун ушбу маҳалла ҳудудида жойлашган туман Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу Қашқадарё вилоятидаги янги бинода фаолият бошлаган марказлар ҳисобида тўққинзинчиси. Бошқа марказлар сингари катта ва ҳашамдор бўлмасада, асосийси қулай манзилда, ёруғ ва шинам, ташрифчилар учун комфортабел шароитлар мавжуд.
Давлат хусусий шерикчилиги асосида қурилган ушбу марказда кутиш заллари, вақтни унумли ўтказиш учун мўъжазгина кутубхона, болалар майдончаси, электрон навбат олиш учун инфокиоск, 12 та қабул ойнаси, адлия, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими хонаси, фаоллар зали, нотариал хизмат хоналари, банк шохобчаси ҳамда халқ қабулхонаси вакиллари учун ҳам алоҳида иш жойлари ажратилган. Буларнинг барчаси туман аҳолисига хизмат қилиш учун ташкил этилди.
Янги бино очилишида Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, вилоят Халқ қабулхонаси мудири Фахриддин Жумаев, Касби туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
“Ушбу марказ туман аҳолисининг дардини, ғамини, уларнинг оғирини енгил қиладиган масканга айланишига умид қиламиз. Чунки, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яратилиши фақат ва фақат бир мақсадда – фуқароларга юқори даражадиги қулайлик тақдим этиш учун ташкил этилган,” – деди ўз табрик сўзида Акмал Саидов.
Жорий йилда Касби туман Давлат хизматлари маркази томонидан 25250 та хизмат кўрсатилган бўлиб, хусусан 1180 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган.
Энг кўп тақдим этилган хизмат турлари сифатида фуқаронинг судланмаганлик тўғрисида маълумотнома олиш, пенсия тизимига ҳисобга қўйиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш учун навбатга қўйиш каби хизматлар қайд этилган.
Туман аҳолисига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида тумани марказидан 53 км узоқликда жойлашган Чўлқувар МФЙ ҳудудида Давлат хизматлари марказининг филиали очилиши режалаштирилмоқда.