November 24, 2020

“Қарши тажрибаси”

Давлат раҳбарининг Қашқадарёга қилган ташрифи давомида давлат хизматларини тақдим этиш соҳасидаги янгича йўналиш ва ёндашувлар белгилаб олинди.

Айнан, талаб ва эҳтиёжга қараб давлат хизматларини таклиф этиш лозимлиги, давлат хизматларидан фойдаланиш ҳаётимиздаги оддий бир жараён, кундалик одат каби кўникма шаклланиши жуда ҳам муҳимлиги таъкидланди.

Бунда авваламбор ёш авлодда тушунча ва билимларни кенг тарғиб қилиш, нафақат ёшлар балки катта ёш авлод вакилларида ҳам етарлича кўникма ҳосил қилиш оқибатида - давлат хизматларидан фойдаланишни янада осонлаштиришини, ортиқча ҳаракат ва ҳаражатлар олди олинишига эришиш мумкин.

Шу вақтга қадар давлат хизматлари марказларидан олисда жойлашган ҳудудларда филиаллар ташкил этилиб келинган бўлса, Қарши тажрибаси стратегиясида ҳар бир маҳаллада давлат хизматларини кўрсатиш бурчаклари ташкил этиш мақсад қилиб олинди.

Шу мақсадда ҳам ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси республика миқёсида янгича ёндашув ва иш услубини олиб боришга киришди. Қарши шаҳри тажриба ҳудуди сифатида танланганлигини ҳисобга олиб, шаҳардаги мавжуд 62 та маҳалла ва 42 та умумтаълим мактаблари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни бошлаб юбордилар.

Бу нега керак?

Нафақат маҳаллаларда, балки умумтаълим мактабларида ҳам махсус хизмат кўрсатиш бурчаги ташкил этиш орқали вояга етиб келаётган ижтимоий ҳаёт иштирокчиларини давлат хизматлари тўғрисида ҳозирданоқ тўлиқ тушунча ва маълумотга эга бўлишларини таъминлашдир.

Маҳаллаларда нега керак, ана шаҳарда ўлов кўп, бир зумда бориб кела олади, шунга ҳам ходим ёллаб, хонага ажратиб ётиш шартми дейишингиз мумкин.

Маҳалла иститути ўзига хос ва уникал ҳисобланишини сизга тушунтиришнинг ҳожати йўқ менимча. Авлодлар оша шаклланган қадриятлар асосида қурилган ушбу бошқарув шаклида катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, яқинларга меҳр ва мурувват кўрсатиш ғояларига асосланган.

Маҳаллада ҳамма бир бирига таниш, яхши кунларидаям, ташвишли кунларидаям елкадош бўлиш ғоясига амал қилинади.

Биз билмаганимизни маҳалламиздаги билимли, кўпни кўрган, тажрибали аъзоларидан сўраб иш тутишга ўрганганмиз. Маслаҳат билан отган тош узоққа борар деб бежизга доно халқимиз мақоллар туқимаган.

Масалан, бир маҳаллада яшовчи Эшматбой ҳовлисининг тўридан янги 2 хонали уй солди. Бу уй қурилиши ҳақида тегишли тартибда кадастр органига хабар бериши кераклигини у билмаслиги мумкин. Аммо маҳалла раиси кўпни кўрган Тошбой ака буни яхши биладилар ва у киши Эшматбойга янги қурилмаларни ҳужжатлаштириб қўйиш кераклигини айтиши мумкин. Фақат буни қандай қилиш кераклигини на Эшматбой ва на Тошбой ака биладилар??

Энди нима қилишади, қандай қилишади, қаерга боришади... саволларнинг адоғи йўқ... Мабодо эсига келса, Эшматбой бир кун албатта кадастр идорасига боради, у ерда аввал “ягона дарчага” бориш кераклигини эшитади, “ягона дарча”ни топиб келса у ерда Давлат хизматлари маркази деб ёзилган бўлади.

Эшматбой бошини қашлаб, ичкарига кирадида эшик оғасидек тик туриб келганларни хўш келибсиз деб кутиб олаётган ходимга секингина яқинлашиб, “кечирасиз, бир дарча, ээйй, узр, ягона дарча шу ерда дейишганди, тўғрими”, - деб оҳиста сўрайди.

Албатта, шу ерда, фақат энди Давлат хизматлари маркази деб аталади, ака!,- деган жавобни олиб хотиржам бўлган Эшматбой, шу “эшик оғасининг” кўрсатмаси билан навбат қоғозни олиб, кутиш залидаги бўш жойларнинг бирига бориб ўтиради. Навбати етганда ходимга учрашиб, баъзи ҳужжатларида камчилик борлиги сабаб иши битмай қайтган Эшматбой нима дерди? Албатта, “ягона дарчада” иш битмаганини айтиб, қўшниларига дардиҳол қилади.

Бу ва шунга ўхшаш кўплаб вазиятларнинг барчасини олдини олиш мумкин. Агарда уларнинг маҳалласининг ўзида давлат хизматлари марказининг филиали ёки хизмат кўрсатиш бурчаги ташкил этилса, уйидан узоқлашмасдан шу ернинг ўзидаёқ ишларини битириб, кам кўстини тўғирлаб, осонгина сарф ҳаржатсиз ва вақтини йўқотмасдан ҳал этишлари мумкин бўлар эди.

Шу сабабли ҳам айнан маҳаллаларда давлат хизматларини олиш ва фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш асосий мақсад қилиб олинди.

Ҳозирча бир шаҳар миқёсида, кейинчалик эса республикага жорий этиладиган ушбу тажриба нафақат давлат хизматлари олиш кўникмасини ривожлантиришга, балки аҳолини қийнаётган масалалар, ҳолатлар ҳақида хабардор бўлишга ҳам ёрдам беради, яъни ўзига ҳос “Feedback”-“Қайта алоқа” ўрнатиш деганидир. Таклиф этилаётган хизмат турлари ва уларнинг сифати, қайси жиҳатларига кўпроқ эътибор бериш лозимлиги, қайси процедурани енгиллаштириш ёки бекор қилиш

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятнинг ошиши ва кейинчалик бу ишлар “ўта қийин ва мутлақо тушунарсиз” жараён тоифасидан “оддий, кундалик одат” даражасига айланишига эришиш – Қарши тажрибасининг асосий ва бирламчи вазифасидир!