December 7, 2019

Илк танишув

“Сиз Давлат хизматлари Агентлиги ҳақида қачон эшитгансиз” деб сўрашса, очиғини айтаман, 1 йиллар олдин эшитган эдим, шунда ҳам таниш-билишлардан, оз – моз эшитганман. Эшитганда ҳам унақа эътибор қаратмаганман, чунки ишим тушиб бормаганман. “Биринчи эсингизга келадиган хизмат қайси” дейишса, болаларни боғчаларга қабул қилиш энди “Ягона дарча” орқали бўларкан деганлари дарҳол ҳаёлдан ўтади (ёш болаларим борлиги учундир балки). Лекин қаранг, шунда ҳам Давлат хизматлари Агентлиги ёки Давлат хизматлари Маркази эмас, “Ягона дарча” деб эшитган эканман.

Яқиндан танишишга мени ижтимоий тармоқда Давлат хизматлари Агентлигининг эълони ўндади. Эълонда Давлат хизматлари Агентлигининг ҳудудий бошқармаларининг ахборот хизматига ишга таклиф этишлари ҳақида ёзилган эди.

Табиийки, танловда қатнашишга аҳд қилдим. Аммо, ундан олдин Давлат хизматлари Агентлиги ўзи қандай ташкилот, унинг вазифаси, фаолияти билан яқинроқ танишишга киришдим. Ишонсангиз, ўрганиш давомида шунақа ҳайратландим, битта ташкилот орқали шунча хизмат кўрсатиларкан деб, синчковлик билан битталаб ўқиб ҳам чиқдим хизматлар ҳақида. Доим ўзимча, қани чет элдагидек бўлса, уйингдан чиқмасдан туриб интернет орқали ёки битта идорага бориб ишни битириб келсанг дердим. Шундай имконият яратилган экан, бироқ буни тасодиф туфайли билан билиб қолдим. Аслида мендек энди танишаётганлар кўп бўлса керак, кўпчилик иши тушиб боргандан сўнг, ҳайратланганча шунақа экан-а, деб келади.

Нега одамлар орасида “Ягона дарча” номи остида эсда қолганига сабабига келсак. Давлат хизматлари Агентлиги нисбатан янги ташкилот, ташкил этилганига атига 2 йил бўлди. Тўғри, 2003 йилдан бери тадбиркорлик субъектларини «ягона дарча» тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш ҳокимликлар ҳузуридаги инспекциялар томонидан амалга ошириб келинган. 2016 йил 1 январдан бошлаб эса Инспекциялар негизида «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилган эди. Бироқ ушбу марказлар орқали фақатгина тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкин бўлган.

Ягона марказларнинг ҳокимликлар тузилмасидан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизими соҳасининг ривожланишида муҳим қадам бўлди.

Лекин яратилган қулайлиқлардан фақатгина юридик шахслар фойдалана олган, оддий одамлар учун тизим мувофиқлаштирилмаган эди. Давлат хизматларини олиш тартибини соддалаштириш, уларни оддий аҳоли учун ҳам қулай, шаффоф ва очиқ бўлишини таъминлаш, коррупцион ҳолатлар олдини олиш учун 2017 йил 12 декабрь санасида Президентимиз қарори билан Адлия вазирлиги хузурида алоҳида агентлик – Давлат хизматлари Агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг энг асосий тамойили сифатида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя белгиланди.

Айнан жамоатчилик билан ишлаш аҳамияти юқорилигини ҳисобга олиб, тизим ҳақидаги янгиликларни, ўзгаришларни, одамлар ҳохиш истагини инобатга олиш ва самимий мулоқот ўрнатиш мақсадида ҳудудий бошқармаларда махсус иш ўрни ажратилган. Ва қаранг-ки, шу ерда ҳам Агентлик томонидан шаффофликни таъминлаш учун ижтимоий тармоқларда бу ҳақида эълон берилди (Илк танишувимизга сабаб бўлган эълон).

Тўғри, ўзи ишлайдиган ташкилотни ким ҳам ёмонларди дерсиз, аммо объектив ёндашиб айтадиган бўлсам, Агентлик фаолияти жуда бир суперинновацион ютуқ, такрорланмас янгилик деб айтиш мумкин эмасдир. Аммо асосийси ҳаракат қилинябти, жамиятимиздаги эҳтиёж ва талабларни ҳисобга олган ҳолда хизматлар турини кўпайтириб, ривожлантириб келинябти.

Сизга статистик рақамларни келтириб, маъруза қилиш ниятидан узоқман, фақат ҳозирги кунда хизматлар сони 140 тага етганлиги ва «Doing Business 2020» халқаро рейтингда бизнесни рўйҳатга олиш индекаторига кўра, Ўзбекистон 8 – ўринни эгаллаганини айтиб ўтмоқчиман холос. Бир нарса аниқки, жуда кўп инсонларга ёрдами теккан бу ташкилот ва унинг фаолияти ҳақида ҳали кўп эшитасиз.

Ахборот технологиялари ривожланган сари ва интернет тармоғи қамрови кенгайиши натижасида, яқин келажакда юртимизнинг исталган нуқтасидан туриб зарур давлат хизматидан онлайн тарзда фойдаланиш имкони яратилади. Бундан ташқари, ҳудди эртаклардаги “сеҳрли қалпоқ”дан исталган нарсани олгандек каби ҳудудлардаги Давлат хизматлари Марказлари орқали ўзингиз учун керакли ҳар қандай хизматни осонликча олиш мумкин бўлиб қолади. Аслида ҳозир ҳам шундай, фақат хизматлар сони ва тури сиз истаганчалик кўп бўлмаслиги мумкин. Агарда сизда янги хизмат турлари ёки мавжуд хизматлар ҳақида таклиф ёки истакларингиз бўлса, албатта бу ҳақида Агентликнинг расмий саҳифалари ёки ҳудудий бошқармалари орқали хабар бершингиз мумкин. Самимий ва очиқ мулоқотга доимо тайёрмиз!

Мохидил Равшанова


https://t.me/dxaqashqadaryo
https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/