Тўғри манзилни биласизми?
Хабарингиз бўлса, жорий йилнинг 20 август санасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳисобга олиш ускуналарини ( ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслаш ва ўрнатиш каби хизматлар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Бу нега керак деган фикр пайдо бўлиши табиий. Бу ортиқча ҳаракатлар, хужжатлар ва маълумотлар талаб этилишини олдини олиш, сансоларликни йўқотиш, давлат хизматлари маркази ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро идоралараро мулоқотини такомиллаштириш, ижро интизомини кучайтириш ва назоратни ошириш мақсадида йўлга қўйилди.
Сизнингча бу ортиқча тартибдек тўйилиши мумкин, лекин аслида бу сиз ва бизнинг қулайлигимизни кўзлаб амалга оширилди. Биласиз, ривожланган мамлакатларда бу каби амалиёт аллақачон йўлга қуйилиб, уз самарасини бериб келмоқда. Мисол учун, Канада давлатида фуқаро ўз уйидан чиқмаган ҳолда, шахсий саҳифаси орқали ушбу хизматни онлайн тарзда буюртма қилади, тўловни амалга оширади ва белгиланган вақтдан сўнг тегишли ташкилотдан вакиллар келиб, ҳисоблагичларни ўрнатишади ёки техник хизмат кўрсатишади. Бу жуда қулай, шундай эмасми?
Албатта, улар ривожланган давлат дейишингиз мумкин, лекин биз ҳам шундай натижага эриша оламиз, фақат бунинг учун давлат хизматларидан фойдаланиш маданиятини оширишимиз, қайси турдаги хизматни қай тартибда кўрсатилишини, тегишли йўриқномала��и билан ҳар бир фуқаро таниш бўлиши, билиши ва амал қилиши талаб этилади. Фуқаро ўз ҳақ – ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўлиқ англаб етса, давлат ҳам ўз зиммасидаги вазифаларни тартиби билан ўз вақтида амалга ошира олади.
1 ноябрдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматлари марказларига мурожаат этган вақтда 20 дақиқа ичида уларнинг сўровномалари рўйхатга олинади ва тегишли ташкилотларга юборилади,шундан сўнг 3-5 иш куни даврида сизга керакли хизмат кўрсатилади. Албатта, хизмат пуллик, бунинг учун жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи, юридик шахслардан эса 1,5 баробарига тенг тўлов олинади. Сиз фақат сўровнома тўлдирасиз холос. Бундан ташқари, ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги юридик шахслар учун – 4 йил, жисмоний шахслар учун эса 8 йил этиб белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, ҳисоблагичларни ечиш, ўрнатиш ва қиёслаш учун фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш мумкин. Бошқа идораларга бориб, вақтингизни бекорга сарф қилманг.
Бизни кузатишда давом этинг
👇👇👇
https://t.me/qashqadaryodxa
https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/