Бошқаларга шодлик ато этиш — энг ноёб шодликдир
Бирор-бир кимсага яхшилик қилсанг, шуни билки, сенинг саховатингдан у беҳад шод бўлгани каби, сенга ҳам шунчалик завқ насиб этади. - ҚОБУС
Давлат хизматлари Маркази ва унда фаолият юритаётган ходимлар хусусида турли ҳил фикрлар бор. Кимдир уларнинг ишларидан мамнун бўлса, кимдир камчилик излашга ҳаракат қилади.
Бироқ бу соҳада хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг мақсади бир – аҳолига қулайлик яратиш, хизматлар сифатини ошириш, халқимиз розилигини олиш.
Эътибор қилган бўлсангиз, кўпгина шаҳар ва туманларда Давлат хизматлари марказлари янги биноларда иш бошлагунларига қадар, шу туман ёки шаҳар Халқ қабулхонаси ёнгинасида жойлашган эди. Асли давлат хизматлари Агентлиги таъсис этилишига саба ҳам, Халқ қабулхоналарига келиб тушган турли хилдаги муаммолар, мурожаатлар ва шикоятларга ечим топиш, шу каби такрорий ҳолатларнинг вужудга келишини олдини олиш, фуқароларнинг ишларини, идорама – идора сарсонгарчиликларини олдини олиш ниятида ташкил этилган эди. Кейинчалик Агентликнинг ишини янада такомиллаштириш, аҳолига сифатли ва тезкор хизматлар кўрсатишни ошириш мақсадида янги, замонавий услубдаги бинолар қурилиб, ҳозирги кунда навбати билан бутун Республика бўйлаб фойдаланишга топширилмоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳам бу каби қурилиш ишлари авжида, ҳозирги кунда Косон туманида янги маъмурий бино фойдаланишга топширилган бўлса, Қарши шаҳар, Қарши, Шаҳрисабз, Қамаши туманларидаги бинолар ҳам тайёр ҳолатга келтириб, тез кунларда аҳолига хизмат қилиш учун эшикларини очишга тараддуд кўрилмоқда.
Ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятида жойлашган Давлат хизматлари Марказлари ходимлари барчага имконияти ва ваколати доирасидан келиб чиққан ҳолда ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. Марказга кела олмайдиган фуқаролар олдига бориб уларнинг ҳол аҳволини сўраб, эҳтиёжларини ўрганишмоқда, имкони борича ҳар бир мурожаатни жойида ҳал этишга ҳаракат қилиб келишмоқда. Айниқса, имконияти чекланган, ногиронлиги бор фуқароларга ёрдам кўрсатиб, уларнинг дуоларини олиш ниятида ҳамиша юзларида табассум, қўллари кўксида бўлиб, “лаббай” деб туришади. Бу каби ишлар ошкор этиб, мақтаниш учун ёки “лайк” олиш учун қилинмайди. Бундай ишларни амалга ошириш ҳодимларнинг фуқароларга бўлган эътибори, меҳри, уларнинг истакларини руёбга чиқаришга хизмат қилиш ҳисси, ўз ишига садоқати ундайди. Айтишингиз мумкин, “юқоридан бўйруқ” бўлгани учун қилишади-да деб, лекин асли қалбида меҳри йўқ одамда мажбурлаб мурувват ҳиссини ўйғота олмайсиз. Унда, нега суратга олишади, кейин эса кўз – кўз қилишади дерсиз, баъзан ходимларнинг асл ниятини тушунмаган, моҳиятини англамай турли миш – миш тарқатадиганларнинг иддаоларига жавоб бериш учун ҳам бундай ҳолатлар фактлаштириб қўйилади.
Масалан, эсингизда бўлса агар, Ҳайит аййёми олдидан қайсидир бир тумандаги давлат хизматлари Маркази ходимлари ҳайр – эҳсон этиш мақсадида бозордан озиқ – овқат сотиб олиб, хизмат автомашинасига йўклаётган сурати акс этган хабар бутун шов – шувга айланиб кетди. Нима эмиш, “ана, давлат хизматини қойиллатиб, уйига бозор – ўчар қилябти”, “ янги хизмат – ҳаридингизни уйингизга олиб борамиз” ва шунга ўхшаш кесатиқ ва кескин танқидларга бой изоҳлар ижтимоий тармоқларда авж олди. Аммо кейинчалик, ҳақиқат маълум бўлди, савобли ишни ошкора этишни истамаган ходимларнинг иши ўзлари истамаган ҳолда, “қора пиар” усулида оммалашди.
Биз ҳам шундай иддаоларнинг олидини олиш мақсадида, айтиб ўтмочимиз, агар сиз ўтган дам олиш кунлари Давлат хизматлари Марказига тегишли автомашинани Қарши тумани, Қўйи Бешкент маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кўрган бўлсангиз, ишонингки, ходимлар бир инсоннинг ҳожатини чиқариш, оғирини енгил қилиш мақсадида у ерга боришган эди. Айнан, Дилфуза исмли қизимизга унинг эмин – эркин ҳаракатланиши учун зарур бўладиган “аравача”ни уйига етказиб бериш учун ташриф буюришган эди.
Халқ қабулхонасига анчадан буён ногиронлик аравасини олишда навбатда турганини айтиб, унга ёрдам беришларини сўраб мурожаат этган Дилфузага Халқ қабулхонаси ва Давлат хизматлари Маркази ходимлари бироз муддатдан сўнг унга жуда ҳам зарур бўлган янги ва замонавий ногиронлик аравасини етказиб беришди.
Бундай ҳолатлар кам эмас, сайёр хизмат вақтида Қарши туман Давлат хизматлари маркази ходимлари туманнинг Янгибоғ қишлоғида истиқомат қилувчи 1 – гуруҳ ногирони бўлган Ш.Ҳамдамовнинг хонадонига борган ҳолда, шароитни ўрганиб, эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, шу ернинг ўзида электр тармоққа уланиш учун рухсатномани тақдим этишди.
Эътибор қилинг, бу фақат бир Марказ фаолиятининг ўтган ой давомидаги ишлари. Бу каби мисоллар кўп, ҳар сафар Марказ ходимлари сайёр хизматга чиққан вақтларида шундай эҳтиёжманд оилаларга, фуқароларга ёрдам беришни канда қилишмайди. Буни овоза ҳам этишмайди.
Лекин, юқорида эслатганимдек, ҳолатни нотўғри талқин этишни олдини олиш учун суратлар олишади, уларни кўрганлар “иш вақтида ишда ўтирмай, юрибти ўз ишини битириб, давлат машинасида ялло қилябти” деган ҳунук хабарларни билмай тарқатаётган замондошларимизга тушунтириш мақсадида қилинади. Ҳар не бўлганда ҳам, яхши гумонда бўлишни ўрганайдик. Унутманг, Давлат хизматлари Марказлари ходимлари сидқидилдан, ўзларига юклатилган маъсулиятни англаган ҳолда, бор имкониятларидан келиб чиқиб фаолият юритиб келишмоқда.
Бизни кўзатиб боринг:
https://t.me/dxaqashqadaryo
https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/