Неварам ўз отасини фамилиясини олмайдими.......
Акмал билан Гулнозаларнинг никоҳ тўйлари етти маҳаллага овоза бўлиб, жуда дабдабали тарзда ўтди. Лекин ёшлар маҳалла оқсоқолларининг қанча гапиришларига қарамасдан қонуний никоҳдан ўтиш хаёлларига ҳам келмади.Орадан вақт ўтди, Гулноза ҳомиладор бўлди. Оилада бўладиган ҳар хил гаплар, тортишувлар, қайнонанинг кесатиқ гаплари, бора-бора Акмални ичиб маст бўлиб келиб Гулнозани дўппослашлари кучайиб бораверди. Никоҳдан ўтиш ҳақида Гулноза бир оғиз ҳам гапира олмасди. Тўсатдан Акмал ҳомиладор хотинининг ёлворишларига қарамай, уни ташлаб Россия давлатига ишлаш учун кетиб қолди. Гулноза ҳам бу хонадонга сиғмай онасиникига кетиб қолди. Кўзи ёриди, қиз фарзандни дунёга келтирди.
Гулнозанинг онаси, Акмалнинг онасига қўнғироқ қилиб,
-Қуда табриклайман невара муборак бўлсин! Қуда, шу неварингизга туғилганлик гувоҳномаси олиш керак, Акмалжон Россияда бўлса нима қиламиз энди?
-Мени ҳеч қандай неварам йўқ! Қолаверса Акмалжон билан ҳеч қандай қонуний никоҳлари ҳам йўқ. Қайтиб менга қўнғироқ қилманг!
Бу совуқ ва ҳиссиз гапларни эшитган Меҳри ая гўшакни қўяр экан, кўз олди қоронғилашиб кетди. Нима қилишини билмай, қизининг хужжатларини олиб туман ФҲДЁ бўлимига бордилар.
ФҲДЁ бўлими мудираси Меҳри аяни хонасига таклиф қилиб муаммосини тинглади ва бундай ҳолатда Оила кодексининг 207-моддасига асосан никоҳда бўлмаган онадан бола туғилганда ота-онанинг биргаликдаги аризаси ва оталик белгилаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори бўлмаса, туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида отанинг фамилияси онанинг фамилияси бўйича, отага тегишли исм, отанинг исми ва миллати она кўрсатмасига асосан ёзилиши ҳақида тушунтирди.
Меҳри ая ушбу ҳолатни англаб, мудирага киприкларини ҳам қоқмасдан нажот кутаётгандек қарадилар.
"Минг афсуски бундай ҳолатда юқорида тушунтирганимдек, қонун доирасида фақат ёлғиз она аризаси асосида неварангизга туғилганлик ҳақида гувоҳномаси бера оламиз", деган жавобни олгач, неварасининг ҳужжатларини олди. Энди унинг неварасининг расман отасиз эканлигини қабул қилиши қийин бўлсада, ноилож эди.
Албатта кундалик хаётимизда бундай воқеалар тез-тез учраб туради.Бу хам бўлса айрим ҳамюртларимизнинг хуқуқий билим ва тушунчалари етарли эмаслигидандир.Оқибатда мана шундай салбий ҳолатлар жабрини ёш қизларимиз тортмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси
ФҲДЁ органларида хуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш ва методик
таъминлаш шўъбаси бош маслаҳатчиси
Н.Умарова
Бизни кузатишда давом этинг
https://t.me/qashqadaryodxa
https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/