"Права"
Бу воқеани сизга айтиб бермасам бўлмайди, айтмасам кўнглим жойига тушмаслиги аниқ.
Шу десангиз кеча бир яқин дугонам қўнғироқ қилиб қолди. “Алло” дейишимни биламан ҳам, нариги томондан дугонамнинг ваҳима аралаш шоша-пиша саволларидан ўзим ҳам қўшилиб, ваҳима қилишга тушиб кетдим.
-“Алло, яхшимисан, дугон?!”
-“Қалайсан, манга қара ёнингда “праванг” борми?”
-“Ҳа бор, тинчликми?”
-“Паспортинг-чи, у ҳам ёнингдами?”
-“Нима гап ўзи, бундай тушинтирсангчи ахир?!!”
-“Олдингда кўпроқ пул ҳам чиқадими??”
-“Гап нимадалигини айтмасанг, ман ҳам жавоб бермайман!”
-“Бўпти, тайёрланиб тур, 2 минутда олдинга бораман”- деганча шартта телефонни қўйди-ю, мен эса тут-тутлаб ётган телефонга анқайганча қараб қолдим. Ҳудди телефон менга, ҳозиргина бўлиб ўтган суҳбатнинг маъносини тушунтириб берадигандек.
Кейин, эса ростакамига ҳавотирлана бошладим. Бу дугонам билан кўп йиллик қадрдонмиз, у бемаъни ҳазилар қилмаган, биз доимо бир биримиз билан сирдош бўлганмиз. Ҳар соҳада якдил бўлганмиз, пазандалик ва тикувчилик курсларига ҳам, ҳаттоки автомобиль ҳайдашни ҳам биргаликда ўрганиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам бир кунда олганмиз. Ана шунақа, шундай дугонангиз тайёр бўлиб тур, ҳозир бораман деса, иккиланиб ўтиришнинг иложи бормикин?
Албатта, йўқ. Мен ҳам тезда хужжатларимни қараб олиб, пулларимни олиб кўчага чиқиб турдим. Чиқишим билан, дугонам ҳам етиб келган эди. Машина келиб ёнимга тўхтади, тушармикин деб кутиб турсам, ойнани тушириб, "нимага анқаясан, ўтир машинага",- дегани генералнинг аскарларига қарата “Сафлан!” деган маҳалида, қандай тезлик билан бажаришса, мен ҳамшу каби машинага ўтириб олдим. Эшикни ёпишим билан дугонам ҳам машинани ҳайдаб кетди. Рости, қўрқувим ортди. Ишқилиб, тинчлик бўлсин, ҳеч кимга ҳеч нарса қилмаган бўлсин, яқинларимиз соғ-саломат бўлсин дея дуо қилишни бошладим.
Беш дақиқалардан кейин ўзимга келиб, “тўхта, ўзи нима гап, нега бунча ваҳима қиласан, тинчликми, у бу кимга бирор гап бўлдими?”, - десам ҳам индамаганига баттар жазавам тўтиб кетди.
-“Эй тўхтат, бўлди-да, буни нима қилиқ!!!” – деб уришиб берганимдан кейин машинани бир чеккага олган дугонам, менга қараб кўзларини катта катта қилиб,
-“Нима хабаринг йўқми, праваларни янгисига алмаштириш керак экан-ку, шунга кетябмиз, қолиб кетма деб олиб чиқдим сани ҳам”,- дейди.
-“Хўп, майли, мани ўйлабсан раҳмат, ҳа нега бунча ваҳима унда?!”
-“Ия, жиннимисан, янги қарор-қонунларни ўқимайсанми?”
-“Тушунмадим, қайси қарорни ўқимабман, бу бир. Иккинчидан, сани ваҳимангга қарорни нима алоқаси бор?”
-“Оббо, бирам тушунишинг қийин-да дугонажон. Айтаябман-ку, қарор бўйича ҳайдовчилик гувоҳномаларни янгисига алмаштириш керак экан. Ана шуни охирги муддати 2020 йил 1 январгача экан. Алмаштирмасанг, катта штраф тўларкансан. Энди, етиб келдими санга?!”
Бу гапни эшитганимдан кейин аҳволимни кўрсангиз эди. 2020 йил 1 январгача қанча қолди, нари борса 1 ҳафта қолди. Тасаввур қилябман, ҳозир бу гапни эшитганлар ГАИ биносини, болга тармашаган асаларидек ўраб олиб, навбатларда ярим кунлаб ўтиришгандир. Наҳотки шуни аввалроқ билмаган бўлсам... Эҳҳ... Шошма, шошма, ахир Давлат хизматлари Марказлари орқали ҳам янгича правани олса бўлади. Миямда шу гаплар айланар экан, дугонамга қараб, “ваҳиманг қўрсин сани, ГАИ га эмас, ДХМ га ҳайда аравангни”, - дебман.
“ДХМ дейсанми, у ерда нима қиламиз, нима правани алмаштирадими у ерда?”
“Сан ҳайдайвер, кўп гапирмасдан!”, - дедим. Аслида, уни ҳам саволларга жавоб олмаслик қандай бўлишини ҳис қилишини истаб, унинг саволларига - “сан айтганни қил”, - деб қуявердим ҳар замонда.
Шу тариқа, Давлат хизматлари Марказига етиб келдик. Одам кўп, аммо ҳамма жимгина ўтириб, навбатини кутябти. Телевизорларда ҳам замонда навбат рақамлари тинг этиб ёниб, операторлар олдига чорлаябти кутувчиларни. Кираверишда хушмуомилалигина бир ходим, бизга қараб “Ассалому алайкум, хўш келибсиз. Сизга қандай ёрдам бера оламан?” деб гапини тугатишга ўлгурмасдан, дугонам “Ваалейкум, сизларда правани алмаштирса бўладими”, деб гапни индаллосига ўтиб қўя қолди. “Ҳа албатта, фақат, илтимос, электрон навбат терминалидан, навбат чиптасини олишни унутманг, ҳохласангиз сизга ёрдам бераман” дея, ходим махсус аппаратдан бизга керакли хизматни танлаб, навбат олишимизда ёрдам берди.
Шундай қилиб, биз ўз навбатимизни кута бошладик. Бизга ўхшаб ваҳима босиб келганлар кўпчилик экан. Лекин, шуниси қизиққи, хонага кирган одам узоғи 10-15 дақиқада тиржайиб чиқябти. Шунақа осон экан шекилли, бир соатга қолмай навбатимиз келиб қолди. Шундай кирдик, тўлов қилганимиздан кейин, паспортимизни, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномамизни олишди, суратга туширишди. Шундай ёнгинасидаги аппаратдан янги “правамиз”ни босиб чиқариб, марҳамат, деб қўлимизга тўтқазиб қўйишди.
Шунча саросима, шунча хавотир билан келиб, бир пастда алмаштирганига ҳайрон қолган дугонам, “ҳа шуни ҳамма ДХМ ларда қилсангиз бўлмайдими, ахир қанчадан-қанча одамлар ўлгурмай қолиши мумкин 1 январьгача”, - дея ДХМ ходимларига ўз эътирозини билдиришни жоиз топди. Энди қўлида яп-янги права, шошилишга ҳожат йўқ, боягина қилган ҳамма ваҳималари ўтиб кетганидан дадиллашиб олиб, энди бемаълол гапиришини қаранг.
“Опажонлар, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш учун охирги муддат этиб, 2020 йил 31 декабрь этиб белгиланган”,- майин жилмайганча тушунтирган ходимнинг бу жавобини эшитган дугонам эса, “Ҳа, ман нима деябман, 31 декабрь экан охирги срок, 2020 йил 1 январьда тугайдими ахир муддат???” Шундай дейишга деган одам, тўхтаб, бирдан қаҳ-қаҳ отиб, кулиб юборса денг.
Гап нимадалигини тушундингизми? Шошиб, ваҳима қилишга сабаб бўлган муддат аслида 2020 йил 1 январга қадар эмас, балки 2021 йил 1 январига қадар эканлигини айни шу дақиқада англагандан кейин, "қовун туширганини" билиб ўзини устидан кулишни бошлаган эдида.
Ана шунақа, ҳар ҳолда муддат тугаб қолиш ваҳима баҳонасида, янги намунадаги “права”лик бўлиб қолдик.
Бизга ўхшаб, шошиб саросимада қолганлар учун эслатма, азиз ҳайдовчилар ва ҳайдовчилик гувоҳномаси борлар (правани олиб, ҳали машина олмаганлар), яна 1 йил вақт бор! Сўнгги муддат 31 декабрь 2020 йил!!! Шунингдек, сиз янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам алмаштириб олишингиз мумкинлигини ҳам унутманг! Қайси вилоятда, қайси ҳудудда бўлишингиздан қатъий назар, ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш хизмати йўлга қўйилган ДХМ ларга мурожаат этиб, 15 дақиқада ишингизни битиришингиз мумкин. Ҳа, электрон навбат орқали тартиб билан мурожаат этсангиз, иш тезроқ кечади. Яна бунинг устига навбатни онлайн тарзда, олдиндан “брон” қилсангиз бўларкан. Бунинг учун davxizmat.uz сайтига киришингиз керак бўлади.
Ана шунақа ҳангомалар ҳам бўлиб туради, аммо фойдали жиҳати ҳам кўп бўлди бу воқеани. Бизнинг саргузаштимиз ва унинг натижаси сизга ҳам нафи тегиб қолар деб ўйлаб, сиз билан баҳам кўрдим! Дугонамга эса, ўша мақолни эслатиб қўйдим...
Мохидил Равшанова