May 14, 2025

ТАЛАБАЛАР УЧУН “КУРАШ МАЙДОНИ” интилувчанлик ва ижтимоий фаоллик кафолати.

Юртимиздаги олийгоҳларда таҳсил олаётган ҳар бир талабани жаҳон стандартларига мос равишда сифатли таълим олиши, бозор иқтисодиётига рақобатбардош кадр бўлиб етишиши учун тинимсиз ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2024 йил 24-майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 мартдаги “Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори шу кунларда мамлакатимиздаги талабалар ўртасида ижобий маънода “кураш майдони”га айланди, десак муболаға бўлмайди. Бу олий таълим муассасаларида талабаларнинг дарсларни ўзлаштиришга чуқур киришиши натижасида таълим сифатининг ошишига, дарсдан бўш вақтини эса манзилли ташкил этилаётган тадбирлар билан банд бўлиб, ижтимоий фаоллиги бир неча каррага ортиб боришига сабаб бўлади.

Талабаларни “уйғотган” қарор

Маълумки, 7-8 йил илгари ҳам республикамизда олий муссасалари саноқли бўлгани, бори ҳам давлат олий таълим муассасаларидан иборат экани, хусусий олий таълим муасасалари йўқлиги эвазига абитуриентларнинг талаба бўлиши қийин, бир таълим йўналишидаги ўринга энг ками ўнтадан ўттизтагача номзод тўғри келар эди. Бу умумий маънода ўқишга кириш қийинлигини англатарди. Натижада аксарият ёшларимиз бошқа давлатлардаги таълим сифати кафолатланмаган ўқиш жойларига ҳужжат топширар, қанча-қанча маблағлар ўша давлатларга кетиб қолар эди.

Ёшларимизни юртимиздаги имкониятлардан фойдаланган ҳолда таълим олиши учун яратилган шароитлар туфайли олий таълим соҳаси ислоҳ қилинди. Бугун юртимизда 200 дан ортиқ давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда уларда дунёдаги йирик олий таълим муассасалари каби ўқишга кириш ихтиёрий ва жуда осон. Бироқ, шунга мос равишда таълимнинг сифатига эътибор ҳам ортиб бормоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 10-мартдаги қарори ҳам айни мақсадда, яъни олийгоҳларда таълим сифатини ошириш ва жамиятда ижтимоий фаол ёшлар қатламини пайдо қилишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Энди давлат гранти ва стипендиялар ҳар ўқув йилида айланма шаклда, муносиб талабанинг ўзлаштиришига қараб белгиланадиган тартибда тақсимланади. Хўш, бунинг тартиби қандай?

Қарор низоми таълим грантларини иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган ва Ўзбекистан Республикаси фуқароси бўлган ижтимоий фаол талабалар ўртасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш ҳамда қўшимча грант тақдим этиштартибини белгилайди. Эътиборингизни унинг моҳиятини ёритувчи, жараёнларни ҳаракатга келтирувчи иқтибослар, механизмларга қаратмоқчимиз.

Таълим грантининг базавий сони — олий таълим ташкилотининг тегишли бакалавриат таълим йўналишига (магистратура мутахассислигига) кириш имтиҳонлари натижасига кўра давлат гранти асосида 1-курсга талабаликка тавсия этилган абитуриентлар сонига тенг грант ўрни;

Таълим грантига талабгор — олий таълим ташкилотининг таълим гранти ажратилган бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) бўйича иккинчи ва ундан кейинги курсларда таҳсил олаётган, таълим грантини қайта тақсимлашда иштирок этиш истагини билдирган талаба;

Тўлиқ таълим гранти — бир ўқув йили учун берилиб, ўқитиш харажати Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган таълим гранти;

Тўлиқ бўлмаган таълим гранти — бир ўқув йили учун берилиб, тўлов-контракт суммасининг 50 фоизи давлат бюджетидан қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланмайдиган таълим гранти;

GPA (Grade Point Average) — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган балларининг ўртача қиймати;

Қўшимча давлат гранти — олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларида муайян ўқув йили якуни бўйича GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланадиган тоифадаги талабаларнинг навбатдаги ўқув йили учун ўқитиш харажати давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган грант;

Олий таълим ташкилоти гранти — молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари томонидан уларда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таҳсил олувчи белгиланган тоифадаги талабаларнинг GPA кўрсаткичи 3,3 дан 4 гача бўлганда, уларнинг навбатдаги ўқув йили учун белгиланган тўлов-контракт суммасининг 20 фоиздан 80 фоизгача бўлган қисмини ушбу олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланадиган грант.

Талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг HEMIS — Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими орқали шакллантирилади. Бунда талабаларнинг GPA кўрсаткичи юздан бир улушда ҳисобланади.

Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилиб, мутаносиб тарзда 80 баллик мезонда баҳоланади ҳамда ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади. Бунда талабаларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи талабаларнинг GPA кўрсаткичини “16” сонига кўпайтириш орқали аниқланади. Нега айнан “16” сони? Бу талабанинг академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлашдаэнг юқори ўзлаштириши мумкин бўлган GPA — таълим олувчининг дастур бўйича 5 балл ҳисобланади. Қарор низомига кўра 80 баллни 5 сонига бўлинса 16 сони келиб чиқади.

Ушбу таъриф ва механизмларни амалий жараёндаги шархи, тушунтириши қандай бўлади?

Биринчи босқичда талабанинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи 80 балл — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган балларининг ўртача қиймати – “16” сонига кўпайтирилади.

Иккинчи босқичга кўра, қарор низомининг 2-иловасида талабанинг ижтимоий фаоллиги учун 20 балл ажратилган. Хўш, 20 балл қаердан пайдо бўлди, деган савол туғилади. Нега ижтимоий фаоллик учун 20 балл? Юқорида келтирилганидек, умумий 100 балдан 80 баллгача талабанинг академик ўзлаштириши кўрсаткичи баҳоланади. Қолган 20 балл – 100 баллни таълим олувчининг дастур бўйича энг юқори кўрсаткичи – 5 баллга бўлиш орқали вужудга келади.

Масалан, талабанинг академик ўзлаштириши кўрсаткичи, яъни GPA 5 балл бўлса, натижа – 5х16=80. Агар GPA 4,20 бўлса, натижаси – 4,20х16=67,2 келиб чиқади. Талабанинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи – энг юқори балл 20 бўлса, бунинг натижаси – 20:5=4. Ёки талабгор ижтимоий фаолликда ўзлаштирган балл 18 бўлса, 18:5=3,6 бўлади.

Ижтимоий фаоллик ўзи нима? У қандай баҳоланади?

Бу савол бугун кўплаб олий таълим муассасаларида талабаларни фаол тарзда қизиқтирмоқда.

Маълум бўлганидек, ижтимоий фаоллик учун Вазирлар Маҳкамаси қарори низомининг 2-иловаси орқали 20 балл мезони 100 балл кўринишда, 11 та банд кесимида белгилаб берилган. Бундакитобхонлик маданияти – 20 балл, “5 муҳим ташаббус” доирасидаги тўгаракларда фаол иштироки – 20 балл, талабанинг академик ўзлаштириши – 10 балл, талабанинг университетининг ички тартиб қоидалари ва Одоб-ахлоқ кодексига риоя этиши – 5 балл тизимида баҳоланади. Шунингдек,халқаро, республика, вилоят миқёсидаги кўрик-танлов, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида эришган натижалари - 10 балл, талабанинг дарсларга тўлиқ ва кечикмасдан келиши – 5 балл, талабаларнинг “Маърифат дарслари”да фаол иштироки – 10 балл, волонтёрлик ва жамоат ишларидаги фаоллиги – 5 балл, театр ва музей, хиёбон, тарихий қадамжоларга ташрифлар – 5 балл, талабаларнинг спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзига амал қилиши – 5 балл ҳамда маънавий-маърифий соҳага оид бошқа йўналишлардаги фаоллиги учун 5 балл берилиши белгиланган.

Низомга кўра, “олий таълим ташкилоти гранти” — молиявий мустақиллик берилган олийгоҳлар томонидан уларда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таҳсил олувчи белгиланган тоифадаги талабаларнинг GPA кўрсаткичи 3,3 дан 4 гача бўлган тақдирда, уларнинг навбатдаги ўқув йили учун белгиланган тўлов-контракт суммасининг 20 фоиздан 80 фоизгача бўлган қисмини қоплаш учун ушбу ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган грант ажратилади.

Барча олий таълим муассасалари талабанинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичини жамоавий келишилган ҳолда амалиётга қўллайди. Бунда талабанинг манзилли ва ўз ҳаракатларини тўғри йўналтириши учун муассасалар раҳбариятлари томонидан пухта ўйланган дастур ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Азизбек АМОНОВ,

БухДУ доценти