June 7, 2021

Корхона, ташкилот ва муассасаларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича ЭСЛАТМА

1. Корхона, ташкилот ва муассасалар бино, иншоотлари ҳамда хоналарининг ёнғинга қарши ҳолати, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича жавобгарлик ушбу объектларнинг раҳбарларига юкланган.
2. Корхона, ташкилот ва муассасалар объектлари раҳбарлари тегишли буйруқ билан ҳар бир бино ва иншоот ҳамда хонага ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича жавобгар шахсларни бириктиради.
3. Ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазиятлар содир бўлганда, инсонлар ва моддий бойликларни қутқариш режаси ишлаб чиқилиб, кўринарли жойларга ўрнатилиши лозим.
5. Корхона, ташкилот ва муассасаларда қуйидагиларни амалга ошириш лозим:
- ҳар бир объектда фавқулодда вазиятларда инсонларни эвакуасия қилиш учун лойиҳада белгиланган кириш-чиқиш йўлаклар турли буюм ва жиҳозлар билан тўсиб қўймаслик;
- эвакуация кириш-чиқиш йўналишларини белгилаб берувчи кўрсатгичларни кўринарли нуқталарга жойлаштириш;
- бино ва иншоотлар ҳамда хоналарни ёнғинни ўчириш бирламчи воситалари билан меъёр талаблари асосида жиҳозлаш;
- ёнғинга қарши сув таъминоти ва ички ёнғин ўчириш жўмракларининг соз ҳолатда бўлишини, шунингдек, уларни енг, дастак ва улаш мосламалари билан таъминлаш;
- бино ва хоналарда барча электр таъминоти тизимининг “Электр ускуналарининг тузилиш қоидалари” талаблари асосида ишлашини таъминлаш;
- объектларда иситиш тизими, қозонхоналар, табиий ва суюлтирилган газ, бошқа муқобил ёқилғи махсулотларида ишлайдиган ускуналарнинг сертификатланган ҳамда соз ҳолатда бўлишини таъминлаш;
- объектларнинг бино ва иншоотлари, бошқа конструкцияларнинг техник мустаҳкамлигига эришиш.
6. Иш вақти тугагандан сўнг ҳар бир хонадаги кондисионер, компьютер, теле-видео аппаратуралар, бошқа турдаги барча электр жиҳозлари ва маиший ускуналарни ўчириб, электр тармоғидан узиб қўйиш лозим.
7. Барча электр сим ва кабеллар ташқи ҳимоя қобиқларининг электр токига қарши чидамлилик даражасини мутахассислар томонидан синовдан ўтказиш.
8. Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бино ҳамда иншоотларида қуйидагилар тақиқланади:
- Объектларга ёнғин-қутқарув ва бошқа махсус хизматлар автоуловларининг етиб бориши учун улар ҳаракатланадиган йўлларни сунъий тўсиқлар билан тўсиб қўйиш тақиқланади;
- ертўла, цоколь, қаватларда ёнувчи ва енгил алангаланувчи суюқликлар, портловчи моддалар, газ баллонлари, аэрозол ҳамда бошқа портлаш хавфини юзага келтириши мумкин бўлган моддаларни сақлаш;
- чордоқлар, техник хизмат кўрсатиш жойлари, венткамера ва бошқа техник хоналарда ишлаб чиқариш бўлинмалари, устахоналарни жойлаштириш ҳамда маҳсулотлар, ускуналар ва бошқа буюмларни сақлаш;
- ертўла ва ярим ертўлаларда ёнувчан буюмлар сақлаш омборхоналари, устахоналар, хўжалак хоналарини жойлаштириш, агар уларга кириш эшиклари умумий кириш зиналаридан (эшигидан) алоҳида бўлмаса;
- йўлаклар, юқори қаватларга ўтиш люклари, қўшни хонага ўтиш йўлакларидаги эшиклар ва захира чиқиш йўлларини турли мебеллар, буюмлар ва бошқа ёнувчан ашёлар билан тўсиб қўйиш;
- йўлаклар, захира чиқиш йўллари ва зинапояларда ўзбошимчалик билан деворлар, шифтлар ва айрим ҳолатларда полларга ёнувчан қурилиш материалларини қоплаш, безатиш, бўяш ишларини олиб бориш;
- хоналарда меъёр талабларига жавоб бермайдиган, қўлбола ясалган электр иситиш мосламалари ҳамда вақтинча ўтказилган электр симлардан фойдаланиш;
- белгиланмаган жойларда сигарета чекиш, объектлар ва уларнинг атрофида пайвандлаш ишларини ўтказиш ҳамда очиқ олов билан ишлаш;
- носоз газ қувурлари, асбоб-анжомлари ва маиший газ баллонларидан фойдаланиш.
9. Ёнғин ёки тутун ҳиди сезилса, зудлик билан қуйидагиларни бажариш лозим:
- ёнғин-қутқарув хизматига «101» ёки «1050» рақамлари орқали хабар бериш;
- ёнғин жойидан инсонларни қутқариш;
- навбатчи ходимларга хабар бериш;
- бирламчи воситалар билан ёнғинни бартараф этиш чораларини кўриш.

@muruvvattb