January 28, 2021

ИСТЕЪМОЛГА ЯРОҚСИЗ НОН МАҲСУЛОТЛАРНИ САҚЛАШ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИНГ

Болалигимиздан нон азизлиги, уни исроф қилмаслик уқтириб келинади. Халқимиз дастурхонида азиз неъмат – нон алоҳида улуғланади. Ҳозирги кунда турли хил нон маҳсулотлари дўконларимиз пештоқидан жой олган.
Маълумки, нон таркибида кўп миқдорда сув ва бошқа моддалар борлиги туфайли микроорганизмлар таъсирида баъзи бир касалликлар келиб чиқиши мумкин. Нонда учрайдиган асосий касаллик картошка касаллиги ва моғорланиш ҳисобланади. Бундай нонларни истеъмол қилиш организмни кучли заҳарланишига олиб келади.

КАРТОШКА КАСАЛЛИГИ

Бу касалликни асосан картошка таёқчалари бактерияси келтириб чиқаради. Ушбу бактериянинг таёқчалари у ёки бу миқдорда ҳавода, унда ва бошқа хом ашёларда бўлиши мумкин. Нон пиширилган пайтда бу бактерияларнинг споралари ўлмасдан қолса, қулай шароит яратилган пайтда ривожланиб касалликни вужудга келтиради.
Картошка касаллиги билан касалланган нонларнинг мағзида ёпишқоқ, шилимшиқ суюқлик пайдо бўлиб, нонга ёқимсиз таъм ва ҳид беради.
Юқори нордонликка эга бўлган нонлар, масалан, жавдар нонларида бу касаллик учрамайди. Картошка касаллиги асосан буғдой нонларида кузатилади. 35-40 даражадаги ҳарорат бу касалликни ривожланиши учун қулай шароит ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бу касаллик кўпроқ ёз пайтида учраб туради. Бу касаллик билан касалланган нонлар истеъмолга яроқсиз ҳисобланади.

МОҒОРЛАНИШ КАСАЛЛИГИ

Бу касаллик ҳам нонларда тез-тез учраб туради. Моғорланишни келтириб чиқарувчи бактерияларнинг картошка касаллигининг кўзғатувчиларидан фарқи шуки, моғорларнинг споралари нон пиширишда батамом ўлади. Аммо нонларни сақлаш жараёнида уларда пайдо бўладиган микроорганизмлар таъсирида вужудга келади. Моғор бактериялари билан касалланган нонларнинг юза қисмда ҳар хил доғлар пайдо бўлади. Қобиқлари силлиқ бўлиши нонни маълум даражада моғорланишдан сақлайди. Нон юзасида ёриқларнинг пайдо бўлиши эса моғорланиш жараёнини тезлатади. Ноннинг моғорланишига таъсир қиладиган асосий омил бу хоналардаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва санитария-гигиена ҳолати ҳисобланади. Нон сақланаётган жойларда санитария ҳолатини, тозаликни таъминлаш нонларни моғорланишдан сақлайди.
Шундай экан савдо дўконлари ходимлари ва бекаларимиз нонни сақлаш пайтида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини эслатиб ўтамиз.

https://t.me/muruvvattb