December 9, 2024

БОЗОР «МАДОННА»СИ

Исириқ олиш учун бозорга тушгандим. Дарвозадан кираверишда сомса сотиб ўтирган аёлни кўриб, беихтиёр тўхтаб қолдим. Ростини айтсам, бундай мукаммал хилқатни умримда кўрмагандим.

Юзи шу қадар тиниқ, қош-кўзи, лаблари шу қадар мутаносиб, шу қадар жозибали эдики, раҳматли Чингиз Аҳмаров тирилиб келса, ўзбек мадоннасини шу аёлга қараб чизган бўларди. Хаёлимдан «Қайси бахти чопган эр шундай пари-пайкар билан яшаркин?» деган ўй кечди.
Харид қилиб қайтиб чиқаётиб, ғалати шовқин-сурон эшитдим. Яқин келиб, тағин беихтиёр тўхтаб қолдим. Бояги аёл рўпарасида озодагина кийинган, бўйинбоғ таққан бир киши кўзини пирпиратиб, эсанкираб турар, чамаси қаёққа қочишини билмай, ғужанак бўлиб олгандек эди. Сомса важидан эътироз билдирганми, ораларидан нохушроқ гап ўтганми, хуллас, аёл уни шу қадар қалаштириб ҳақорат қилар, оғзидан шу қадар ифлос сўзлар отилиб чиқардики, қирқ йил кўмир ташиган аравакаш бундай сўкишларни эшитса, ўзи ҳам, оти ҳам, араваси ҳам, борингки кўмири ҳам уятдан қизариб кетган бўларди! Ёмон гап одамни хунук қилиб юборишини шунда кўрдим. «Пари-пайкар»нинг чиройли кўзлари олайиб кетган, ойдек юзи қийшайиб, ваҳимали тус олганди...
Хаёлимдан «Қайси бахтиқаро эр шундай алвасти билан яшаркин?» деган ўй кечди...

Ўткир ҲОШИМОВ