Жараён
"Салимбойвачча" муддатидан олдин озодликка чиқарилди
"Салимбойвачча" номи билан машҳур бўлган йирик тадбиркор Салим Абдувалиев соғлигидаги муаммолар сабабли жорий йилнинг 12 январь куни муддатидан олдин озодликка чиқарилди.
Қайд этилишича, Салим Абдувалиев 2023 йилнинг декабрида Жиноят кодексининг 248-моддаси 1- қисми (ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) билан гумонланиб, ўтказилган тезкор-профилактик тартибда қўлга олинган эди. 2024 йил 19 март санасида Миробод туман судида гумонланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми эълон қилинган.
Суд хулосасига кўра, Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Хусусан, тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаётган 74 ёшли Салим Абдувалиев саломатлигидаги муаммолар сабабли Жиноят кодексининг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш) билан озодликка чиқарилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Салимбойвачча"нинг гиёҳванд моддаларни ноқонуний йўллар билан Европа давлатларига олиб ўтишда жиноий гуруҳга моддий ёрдам кўрсатгани ҳақида хабар берилган эди.