March 30

Эртага Президент амалий ташриф билан Тожикистонга боради

Шавкат Мирзиёев 31 март куни амалий ташриф билан Хўжанд шаҳрида бўлади. У ерда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг қўшма учрашуви ҳамда икки томонлама музокаралар ўтказилади. Қолаверса, уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланиши кутилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 31 март куни амалий ташриф билан Хўжанд шаҳрида бўлади, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Ташриф дастурига мувофиқ, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг қўшма учрашуви ҳамда икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

Кун тартибидан мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Тадбир якунида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаш кўзда тутилган.

Давлат раҳбарлари санъат усталарининг қўшма концертида ҳам иштирок этади.