March 4

Тиргакка суянган симёғочлар

Муаммога ким ечим топади?

Ҳукуматимиз томонидан Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳасини жорий қилиниши, аҳоли пунктларини ичимлик суви, канализация ва электр энергия самарадорлигига эришиш масаласида жойларда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида давлатга пахта ва ғалла топшириш режасини бажаришда етакчилик қилиб келаётган Чандир қишлоғининг айрим ҳудудларида электр энергия таъминотини яхшилаш борасида қилинган ишларни қониқарли деб бўлмайди. Аҳоли томонидан қўлбола ясаб қўйилган симёғочлар йиллар давомида эскириб, яроқсиз бир аҳволга келиб қолмоқда. Қишнинг ёғинли кунларида симёғочларни мустакамлаш учун қўйилган тиргакларнинг чириб, синиб кетиши, жиддий сабабларга олиб келиши мумкин.

Сиз суратда кўриб турган ушбу ҳолат Чандиробод маҳалласидаги Ёшлар асосий кўчасида юз берган ноҳуш аҳвол. Электр симлари осилиб, кун сайин ерга яқинлашмоқда. Ушбу серқатнов кўчадан қанчадан-қанча техника ва аҳолининг фарзандлари, болалар боғчасига ҳамда мактабга қатнашади. Ушбу ноқулай вазиятда бирор кор хол юз бергудек бўлса, бунга ким жавоб беради?!

"Чиқмаган жондан умид" деганларидек маҳалла аҳолиси томонидан, қўлбола симёғочларни ўрнига замонавий бетондан ясалган симёғочларга алмаштириш борасида қанча мурожаатлар қилинмасин, бемасамара кетмоқда. Хўш, муаммонинг ечими қаерда? Бу борада кимнинг тегирмонига сув қўйиш керак экан?! Аҳолининг мурожаатлари қачон рўёбга чиқади? Ана шу саволларга туман мутассади раҳбарларидан ижобий натижаларни кутиб қоламиз.

Юнус МИРЗАЕВ,

"Jamiyat va Qonun" газетаси таҳририяти.