Ҳафта давомида ҳарорат кўтарилиб боради
Апрель ойининг биринчи кунларида қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат иш ҳафтасининг охирига келиб +33 даражагача исийди. Жума куни яна 5−7 даражага пасаяди, баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин.
Апрель ойининг биринчи кунларида Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.
Ҳаво ҳарорати кўтарилиши давом этади. Сешанба ва чоршанба кундузи ҳарорат +22…+27 даражани ташкил этади, иш ҳафтасининг охирига келиб ҳаво +28…+30 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +33 даражагача исийди. Бу апрель ойи боши учун бўлган меъёрий қийматлардан 5−7 даражага юқоридир.
Республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудлари — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятда 1−3 апрель кунлари кундузги ҳарорат +25…+30 даража бўлган қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, 4 апрелда эса ҳарорат 5−7 даражага пасаяди, баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин.
Шамол шарқдан 7−12 м/с тезикда эсади, 3−4 апрел кунлари республика бўйича 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.
Тошкентда сешанба куни ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечалари +10…+15 даража, кундуз кунлари 1−2 апрелда +24…+26 даража, 3−4 апрелда +26…+29 даража бўлади.