Yesterday

Қирғизистондаги шов-шувли қотилликдан кейин Жапаров ўлим жазосини жорий этишни топширди

Гап болаларни зўрлаш ва аёлларни зўрлаб ўлдириш учун ўлим жазосини жорий этиш ҳақида кетмоқда.

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров болалар ва аёлларга қарши айниқса оғир жиноятлар учун ўлим жазосини назарда тутувчи қонунчиликка ўзгаришлар киритишни буюрди.

Бу қарорга 16 ёшли Айсулунинг ўлдирилиши сабаб бўлган. Қотиллик мамлакат жамоатчилигида катта резонанс уйғотди.

Президент матбуот котиби Аскат Алагозовнинг маълум қилишича, давлат раҳбари тергов жараёнини шахсан назорат қилмоқда. У фожиали хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганини ва бундай жиноятлар жазосиз қолмаслиги кераклигини айтди.

Жапаровнинг кўрсатмасига кўра, мамлакат ҳокимият органлари ҳозироқ Жиноят кодексига ўзгаришлар тайёрламоқда. Гап болаларни зўрлаш ва аёлларни зўрлаб ўлдириш учун ўлим жазосини жорий этиш ҳақида кетмоқда.

Маълумот учун, 27 сентябрь куни Қаракол шаҳрида 2008 йилда туғилган қиз йўқолиб қолганди. Унинг жасади Жел-Ариқ қишлоғи яқинида топилди. Қизни аввалига зўрлаб, сўнгра бўғиб ўлдиришган. Гумонланувчи — 1984 йилда туғилган, аввал судланган эркак. У Бишкекда қўлга олинган.