"UzAuto Motors"нинг сўнгги машинасига ҳам талаб йўқолмоқда(ми?)
"UzAuto Motors" АЖ Chevrolet Cobalt GX-MIDNIGHT АТ автомобиллари хариди учун аввалги контрактацияда тузилган шартномалар бўйича тўлови белгиланган муддатларда амалга оширилмаган ҳажмлар қайта контрактацияга қўйилишини маълум қилади.
Хабарга кўра, автомобилларни харид қилиш учун шартномалар 16 январь куни соат 10:00 дан бошлаб savdo.uzavtosanoat.uz онлайн платформаси ва UzAvtoSavdo иловаси орқали тузилиши мумкин.
Телеграм-бот навбатни кузатиш хизматини ҳамда мавжуд автомобиллар ҳақида маълумотни тақдим этади. Шунингдек, автомобил хариди учун тузилган шартномалар бўйича тўлов етти календарь куни ичида амалга оширилиши лозим, дейилади хабарда.
Олдинги йилларда бу каби вазиятни одамлар орзу қилишарди — машиналарга шартнома тузиш имконсиздек туюларди. Сайт кўпинча ишламас, шартнома олиш имкони бўлмасди, бироқ шундай бўлишига қарамасдан, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан шартномалар тугаб қолар эди.
Бугун эса машиналар сотилмагани сабаб ҳар ҳафта янги шартномалар очилаётгани қайд этилмоқда. Бу каби ҳолат Cobalt автомобилларининг яқин орада ишлаб чиқарилиши тўхтатилиши ёки аҳоли бу каби автомашиналарни сотиб олмаётганидан дарак беради.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 149,790 дона “Cobalt” ишлаб чиқарилган.