August 17

Сифатсиз қонун лойиҳалари кўп ва вазирликларда бу бўйича билим етарли эмас

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги “Ҳукумат соатида” палатага киритилаётган қонун лойиҳаларининг савиясизлиги танқид қилинди.

Ўзбекистонда 2016 йилгача 1 йил ичида 15-20 та қонун қабул қилинган бўлса, 2024 йилда бу рақам 125 тага етган. Ҳозирги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фонди 44 мингдан ортиқ ҳужжатни ўз ичига олади, шундан 23 мингтаси ёки 51 фоизи охирги 7 йилда қабул қилинган. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги “Ҳукумат соати”да адлия вазири Акбар Тошқулов маълумот берган.
“Ҳукумат соати”да таъкдланишича, айрим қонун лойиҳалари палатагача етарли даражада сифатли тайёрланмаган ҳолда киритилмоқда. Вазирлик ва идораларда ҳам норма ижодкорлиги борасидаги кўникма ва масъулият даражаси ҳамон етарли эмас. Бу айниқса, Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза учун тақдим этилаётган қонун лойиҳаларининг сифат даражаси пастлиги орқали яққол намоён бўлмоқда. Мисол учун, вазирлик томонидан охирги бир ярим йилда 355 та қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Уларнинг 68 таси (19 фоизи)ни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилган.
Айрим ҳолатларда масъул идоралар томонидан Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертиза хулосасида билдирилган, шунингдек, бошқа ваколатли органларнинг идоравий келишув жараёнида билдирилган асосли эътирозлари тўлиқ бартараф қилинмасдан, лойиҳалар ваколатли органларга киритилмоқда. Натижада лойиҳалар қайта ишланиб, ишлаб чиқувчиларга қайтарилмоқда. Оқибатда айрим муҳим лойиҳалар Қонунчилик палатасига кечикиб киритилмоқда. Қонунчилик палатаси қонун лойиҳаларини қайтариш ҳуқуқидан фойдаланмасдан, лойиҳаларни бевосита палатанинг ўзидаёқ қайта ишлашга мажбур бўлмоқда.