Ҳар гўшада Наврўз шукуҳи
Қўшробот ва унга қўшни Нурота тумани азалдан бахши-ю оқинлар, чавандоз-у абжир полвонлар юрти саналган.
Айниқса, Қўшробот туманидаги тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган, тоғ ён бағирларида жойлашган қатор қишлоқларнинг оддий, самимий, камтар ва оқкўнгил одамлари аждодларимиздан мерос миллий анъана, қадрият ва урф - одатлар элементларини шуурларида яхши сақлаб қолганлиги ва уларга ҳаётда ҳамон амал этиб келаётганликлари билан нафақат маҳаллий, балки, халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган эъзозли эл ҳисобланади.
Қишдан зерикиб, баҳорни ва унинг гўзал айёми бўлмиш Наврўзни интиқлик билан кутаётган бу юрт аҳли байрамга зўр тайёгарлик кўришган.
Жорий йилнинг 17 - март санаси.
Эрта тонг...
Туманнинг Жўш ҳудуди аҳолиси дилларни инжа, соҳир туйғуларга чулғаб келган кўкламнинг энг улуғ - "Наврўз" байрами сайлини "Қадриятларинг боқий бўлсин - Наврўз" шиори билан нишонлаш истагида "Жўш ота" истироҳат боғида жам бўлишди.
... Бир пайтлари давр сиёсати тақозосига кўра неча бир чиғириқлардан ўтиб, баъзан таъқиққа ҳам учраган Наврўзимиз ота - бобо ва момоларимиз томонидан йил боши сифатида ҳам шодиёна этилган бўлса, вақт силсиласида мазкур айём авлодлар томонидан янада кўтаринки руҳиятда тантана этиляпти.
Байрам сайлида муносиб қатнашишга тайёргарлик кўрган ҳудуд умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари томонидан баҳор ҳамда "Наврўз" айёми мадҳ этилган саҳналаштирилган бадиий чиқиш ҳамда куй - қўшиқлар ижро этилди.
Сайл тадбири қатнашчилари томонидан тайёрланган турли баҳорий таомлар ҳамда ўтмишда халқимиз томонидан
уй - рўзғор буюм, жиҳозлари сифатида ишлатилган ва ҳудудга хос осори атиқалар кўргазмаси сайлга келган ёш-у кекса қалбига бир олам таассурот ҳамда завқ - шавқ улашган бўлса
не ажаб...
Қўшробот ҳокимлиги тасарруфидаги барча идора ва ташкилот ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокидаги баҳорий уйғониш сайли тадбири
ёшларнинг кураш беллашувлари ҳамда қўшиқлари халқимизга манзур бўлаётган хонанда Нигина Исмоилова ижросидаги дилтортар қўшиқлар оҳангида давом этди.