May 24

Ифлос ҳаво мияни “секинлаштираяпти”

Кундалик нафас олинаётган ҳаво инсон мияси фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Канаданинг МакМастер университети олимлари томонидан ўтказилган янги тадқиқот ҳаво ифлосланиши когнитив қобилиятларни пасайтириши, хотира ва фикрлаш тезлигини сусайтиришини кўрсатди.

Тадқиқот доирасида 45 ёшдан 85 ёшгача бўлган 40 мингдан ортиқ инсоннинг саломатлиги ва улар яшайдиган ҳудудлардаги ҳаво сифати таҳлил қилинган. Олимлар ҳатто расман “хавфсиз” деб баҳоланадиган меъёрлар доирасида ҳам ифлос ҳаво инсон миясига салбий таъсир кўрсатишини аниқлашган.

Мутахассислар мия фаолиятига энг кўп зарар етказувчи икки асосий омилга алоҳида эътибор қаратган.

Биринчиси, автомобиллар ва саноат чиқиндиларидан ажраладиган азот диоксиди (NO2). Бу модда юқори бўлган муҳитда яшовчи инсонларда диққатни жамлаш, режалаштириш ва қарор қабул қилиш каби ижро этувчи функциялар анча сусайгани кузатилган.

Иккинчи хавфли омил эса, ҳаводаги ўта майда PM2.5 заррачалари бўлиб, улар инсон миясининг маълумотни қайта ишлаш ва реакция бериш тезлигини секинлаштириши аниқланган. Бу заррачалар чанг, куя ва ёнилғи ёнғинларидан ҳосил бўладиган микроскопик моддалардан иборат.
Олимлар ушбу заррачалар нафас орқали ўпкага киргач, организмнинг табиий ҳимоя тўсиқларини четлаб ўтиб, ҳатто тўғридан-тўғри бош миягача етиб бориши мумкинлигини аниқлашган. Қон айланиш тизими орқали тарқалган токсинлар эса, мияни зарарли моддалардан ҳимоя қилувчи гематоэнцефалик барьерни заифлаштиради.

Бу жараён миядаги иммун ҳужайралари — микроглияларни фаоллаштириб, сурункали нейрояллиғланишни келтириб чиқаради. Натижада нейронлар ўртасидаги синаптик алоқалар издан чиқади ва вақт ўтиши билан Альцгеймер, деменция каби оғир неврологик касалликлар ривожланиш хавфи ортиб боради.

Тадқиқот муаллифлари ҳаво ифлосланишига қарши кураш нафақат экологик, балки жамоат саломатлиги учун ҳам устувор вазифага айланганини таъкидламоқда. Улар кундалик ҳаётда инсонлар ўз миясини ҳимоя қилиш учун оддий эҳтиёт чораларига амал қилиши кераклигини қайд этган.

Хусусан, уйларда ҳавони тозаловчи фильтрли қурилмалардан фойдаланиш, тирбанд йўлларда автомобил ойналарини ёпиқ ҳолда сақлаш ва ҳавони ички айланиш режимида ишлатиш тавсия этилмоқда. Шунингдек, мутахассислар серқатнов йўллар ёқасида спорт билан шуғулланмасликни ҳам маслаҳат берган, чунки интенсив нафас олиш пайтида зарарли заррачалар организмга янада кўпроқ кириб боради.

Уларнинг фикрича, ҳаво сифати инсоният саломатлиги учун кутилгандан ҳам каттароқ таҳдидга айланган ва бу муаммо келажакда неврологик касалликлар сонининг кескин ортишига сабаб бўлиши мумкин.

Rost24