April 19

Тошкент ва Москва мигрантларни танлаб олиш жараёнини Ўзбекистонда ўтказиши мумкин

Ўзбекистон ва Россия меҳнат мигрантлари учун миграция тартиб-таомиллари, тиббий кўрик ва рус тилидан имтиҳонларни Тошкентга кўчириш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Фото Жаҳон АА

Президентнинг 2024 йил 17 октябрдаги меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори доирасида Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, Миграция агентлиги ва Россия элчихонаси ходимларидан иборат икки томонлама ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.Музокараларда, шунингдек, Россия Халқлар дўстлиги университети (РХДУ) қошидаги тил бўйича тест олиш ва мигрантларни ўқитиш халқаро маркази директори Артём Антохин, РХДУ ваколатхонаси раҳбари Андрей Колёсников ва Россия давлат корхонаси «Паспорт-виза хизмати» бош директори маслаҳатчиси Олег Костюк иштирок этди.

Учрашувда миграция тартиб-қоидаларини ўтказиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва Россия олий ўқув юртларининг Тошкентдаги филиалларида рус тили имтиҳонини топшириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, «Паспорт-виза хизмати» ваколатхонаси ва «Сахарова» кўп тармоқли миграция марказининг Тошкентдаги ваколатхонаси фаолиятини қайта тиклаш, тил имтиҳонига тайёргарлик кўриш марказларини очиш, хусусан, рус тили, тарихи ва Россия қонунчилиги бўйича курслар ташкил этиш масалалари ҳам гаплашилди.

Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистонда тиббий кўрик ва тест синовлари («Гемотест») бўйича ихтисослаштирилган тиббий клиника очиш, шунингдек, меҳнат муҳожирларини кейинчалик ўқитиш учун маҳаллий кадрлар тайёрлашга россиялик ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими мутахассисларини жалб қилиш имкониятларини ўрганиб чиқди.

Россия томони, хусусан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Тошкентдаги «Паспорт-виза хизмати» ваколатхонаси фаолиятини қайта йўлга қўйишга доир сўровини ижобий кўриб чиқишга тайёрлигини тасдиқлади, дейилади хабарда.

Томонлар ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишига Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларини, шунингдек, «Сахарова» кўп тармоқли миграция марказининг Тошкентдаги ваколатхонасини жалб этишга келишиб олинди.

Бундан ташқари, томонлар муҳокама қилинган масалаларни 27−30 апрель кунлари Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон-Россия идоралараро ишчи гуруҳи йиғилиши кун тартибига киритишга келишди.