April 19

Замон қаҳрамонлари мактаб остонасидан улғаяди

Мактаб — инсон ҳаётида ўзига хос ўрин эгалловчи, унинг билимли, тарбияли бўлиб камол топишида пойдевор сифатида хизмат қилувчи зиё маскани. Бу ерга таълим-тарбия олиш учун қадам қўйган ҳар бир киши, энг аввало, ўзлигини англай бошлайди, аста-секин фанларнинг қизиқ, сеҳрли оламига қадам қўйиб, билимларни ўзлаштириш орқали бутун борлиқни тушуна боради. Шу жараёнлар натижаси ўлароқ ўз келажагини белгилайди. Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан Тойлоқ туманидаги таълим муассасаларига ташкил этилган пресс-турда ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Яхши ва сифатли таълим, айниқса, бугунги кунда зарурий эҳтиёжга айланиб бормоқда. Билимлар пойдеворини эса мактаб давридаёқ мустаҳкам қуриш лозим. Оддий мисол: жамиятда қайсидир мавқега эга ёки илм­-фан, маданият ва бошқа соҳаларда маълум даражага эришган инсон борки, унинг замирида мактаб таълимининг ўрни беқиёс аҳамиятга эга бўлганини такрор ва такрор таъкидлайди.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ва бошқа масъуллар ҳамроҳлигида пересс-тур иштирокчилари дастлаб тумандаги 51-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишишди. Мактабга жорий йилда 240 ўринли қўшимча бино қуриб берилган. Аммо мактаб ўтган йилги кўрсаткичлар бўйича қизил тоифадаги мактаблар қаторига тушиб қолган.

- Ўқитувчиларнинг қўнимсизлиги туфайли мактабимиз қизил тоифага тушиб қолди, - дейди мактаб директори Мухиба Эшонқулова. – Ўтган ўқув йили битирувчимизни олий таълим муассасаларига қамров даражаси ҳақиқатдан паст кўрсатгичда эди. Бу йилги битирувчиларимизнинг 50 фоизи ҳозирда миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритди. Мактабимизда 28 нафар педагог бўлиб, улардан олий тоифали ўқитувчиларимиз сони 5 нафар, 1-тоифали ўқитувчиларимиз сони 10 нафарга етди. Насиб бўлса бу йил ўқув йили якуни билан натижаларимиз кескин ижобий томонга ўзгаради.

Тумандаги 21-умумий ўрта таълим мактаби нафақат туманда вилоят миқёсида ҳам намунали мактаблар сирасига киради. 1 909 нафар ўқувчи таҳсил оладиган ушбу мактабда ўтган йилги 59 нафар битирувчиларнинг 42 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Умумтаълим мактаби директори Абдурасул Ориповнинг фикрларига кўра бу йил мактабни 72 нафар ўқувчи битиради. Ўқувчиларнинг интилишлари сабаб 30 нафар битирувчилар миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритган. 3 нафари АҚШдаги нуфузли олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга қабул қилинган. Мактабнинг 8 нафар инглиз тили, 9 нафар рус тили, 3 нафар информатика фани ўқитувчилари вазир жамғармаси ҳисобидан 13 миллион сўмгача маош олиб келишмоқда. Ўқувчиларнинг турли танловлар, фан олимпиадаларидаги иштироки ҳам юқори.

Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов журналист ва блогерларга “Қизил ва яшил мактаблар: камчилик ва ютуқлар” мавзусида тақдимот ўтказди. Тақдимотда соҳада йиғилиб қолган муаммо ва камчиликлар очиқча айтилиб, айрим муаммоли вазиятдаги мактаблар фаолияти муҳокама этилди.

2022 йилда вилоятда қизил тоифали мактаблар сони 82 та бўлса, 2024 йилга келиб 69 тага туширилган. Битирувчи ёшларни олий таълим тизимига қамраш даражаси таҳлил этилганида 2024 йилда вилоят бўйича 26 та мактабларда битирувчилар умуман олий таълим муассасаларига ўқишга киролмаган.

- Тўғри, тизимда камчиликлар билан бирга ютуқларимиз ҳам бор, - деди бошқарма бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Аммо яхши натижаларни жойлардаги раҳбарлар кўрсатиб беролмаган. Масалан, Қўшработ туманининг оғир аҳволдаги олис мактабларида бўлдим. У ерда қилинган ижобий натижалар бизгача етиб келмаган. Бунда албатта қилинаётган ишлар самарадорлигини ошириш ва уни жамоатчилик эътиборига кўрсата билишда ҳам гап кўп, деди бошқарма бошлиғи тизимдаги муаммо ва ютуқлар таҳлилига тўхталар экан.

Шухрат ҚАРШИЕВ,

“Mustaqil” мухбири