Сирдарёдаги раҳбарлар диктантдан қониқарсиз баҳо олди
17 апрель куни Сирдарёдаги давлат идораларида фаолият юритаётган раҳбар ходимларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш мақсадида диктант олиш амалиёти ўтказилди. Натижалар ижобий эмас.
Хабарга кўра, Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 9 нафар раҳбар ходимидан 6 нафари, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг 5 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари, “Ўзтелеком” АЖ Сирдарё филиалининг 10 нафар раҳбар ходимидан 7 нафари, "Ўзбекистон почтаси" АЖ вилоят филиалининг 8 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари қониқарсиз баҳо олишди.
Бу ҳолат вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов томонидан жиддий танқидга олинди ва давлат тилида иш юритиш қонун талаби бўлиб, унга риоя қилиш ҳар бир раҳбар ва масъул шахснинг фуқаролик бурчи эканини таъкидлаган.
Маълумот учун 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда ҳужжатлар ва расмий ахборотларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштириш тўлиқ жорий этилган.
Сирдарё вилоятидаги раҳбар ходимларнинг диктантдан оммавий равишда қониқарсиз баҳо олиши — жуда ташвишли ҳолат. Бу нафақат шахсий саводхонлик даражаси пастлигини, балки давлат идораларида давлат тилига бўлган етарли эътибор йўқлигини кўрсатади. Ҳукуматнинг 2023 йилдан барча расмий ҳужжатлар лотин алифбосида юритилиши ҳақидаги талаби қонуний бўлишига қарамасдан, кўп раҳбарлар ҳали ҳам ушбу талабни менсимай келаётгани ачинарли ҳол.
Бунинг оқибатида фуқаролар билан мулоқотда, ҳужжат юритишда, расмий муомалада кўплаб камчиликлар юзага келади. Ривожланаётган давлат учун раҳбар кадрлар давлат тилида равон ва саводли иш юрита олмаслиги — жамиятдаги ишончни сусайтирувчи жиддий камчиликдир. Бундай ҳолатларга нисбатан қаттиқ интизомий чоралар кўриш, раҳбарларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш ишларини кучайтириш вақти келди. Давлат тили — фақат рамз эмас, балки давлатчилик таянчи экани ҳар бир раҳбарга аён бўлиши шарт.