January 18

Матбуот - куч, аммо у эътиборсиз қолса, хавфга айланади

Бугун давлат журналистларга етарлича эътибор қаратмаяпти. Ҳолбуки, пропаганда — ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати, ахборот майдонидаги асосий қуролидир. Ахборотни ким бошқарса, онгни ҳам ўша бошқаради. Бу ҳақиқат кеча ҳам шундай эди, бугун ҳам шундай.

Совет даврини эслайлик. Ёлғон сиёсатга бутун халқларни ишонтиришга муваффақ бўлишган. Нима учун? Чунки матбуот кучли ишлаган, давлат томонидан катта маблағ билан қўллаб-қувватланган. Журналист — идеологик фронтнинг аскари эди: мақоми бор, маоши бор, ҳимояси бор. Шунинг учун матбуот таъсирли эди.

Бугун эса манзара тескари: сиёсат бор, лекин матбуот заиф. Ҳақиқий журналистлар учун тайинли иш йўқ, таъминот йўқ, кафолат йўқ. Шу сабабли ахборот майдонида бўшлиқ пайдо бўлди. Бу бўшлиқни эса билимли, масъулиятли журналистлар эмас, балки тасодифий шахслар, мошхўрдачилар ва фирибгарлар тўлдиряпти.

Фирибгарлик қилган тўрт-беш нафар йигит ва “Маржона” исмли қиз атрофида яратилган шов-шувли контентлар — журналистика эмас. Бу ерда на касб бор, на ахлоқ, на жавобгарлик. Этикаси йўқ бу “ахборот” жамиятга матбуот сифатида уқтирилаяпти. Ҳақиқий маржонлар эса эътиборсиз қоляпти.

Аслида матбуот жамият қаърида ётган ҳақиқат маржонларини топиб чиқариши керак. Лекин бугун маржонлар эмас, шов-шув қадрланаётган замон келди.
Бу эса жамият онгини тарбияламайди — бузади.

Ҳозир ҳам Янги Ўзбекистон давлати армияси сафида журналистлар керак. Ҳарбий соҳада, қишлоқ хўжалигида, саноатда, илм-фанда, ижтимоий масалаларда кучли, билимли, таъминланган журналистлар бўлиши шарт. Ахборот сиёсати тўрт-беш нафар матбуот котиблари билан юритилмайди. Бу — матбуот эмас, бу — кўзбўямачилик.

Журналист оч бўлган жамиятда ҳақиқат ҳам оч қолади. Ахборотни куч деб тан олмаган давлат эса бир куни ахборот олдида ожиз қолиши муқаррар.

Биз янги даврга дадил кирмоқчиликни режа қилганмиз, аммо журналистларни бош план сафлардаги ўринларини унчалик кўрмаяпмиз!

Гулзамон Акбар,

журналист