Маҳаллада жиноят бўлмаслигини ваъда берган ИИБ ходимига капитан унвони берилди
Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманида маҳалласида жиноят бўлмаслигини ваъда қилган катта лейтенантга капитан унвонини берди. «Ҳар бир „участкавой“ шундай ҳаракат қилса, бизда жиноят бўлмайди. Сенга ўхшаганларни тарбия қилмоқчиман», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани Янги Камолон маҳалласида «Ислоҳотлар штаби» фаолияти билан танишиш чоғида маҳалла инспекторига капитан унвонини берди.
Қайд этилишича, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла инспектори хонасида ситуацион марказ ташкил этилган. Унга кўп қаватли уйларнинг йўлакларидаги кузатув камералари ва ички ишлар тизимининг хавфсизлик дастурлари боғланган. «Амалга оширилган ишлар натижасида бу йил маҳаллада бирорта ҳам жиноят бўлмаган», — дейилади «Ўзбекистон 24» лавҳасида.
Тақдимот чоғида маҳалла инспектори президентга маҳалла аҳолиси, аёл ва эркак, ёшга доир маълумотлар, кўп қаватли уйлар ва доимий қанча фуқаро яшаётгани, вақтинча қанча киши ва уларнинг қанчаси қайси вилоятдан экани каби маълумотлар жамланган дастурни кўрсатди.
«Ҳар бир фуқаромиз ҳақида маълумот олишга имконият бор. Олдинлари, тўғрисини айтсам, қийналардик. Бошқа ташкилотга хат орқали маълумот олардик. Ҳозир ҳаммаси ўзимизда мужассам. Ҳар бир фуқаро ҳақида маълумот олиш имкониятимиз бор. Бунинг учун сизга чуқур миннатдорчилик билдираман», — деди у.
Президент ундан келгуси йил жиноят бўлмаслиги учун қайси хонадонда қандай иш қилаётгани, қайси хонадон ва ташкилот унинг учун хавфли эканлиги ҳақида сўради.
«Хавфли ташкилотимиз йўқ. Чунки маҳалла еттилиги билан биргаликда хизмат олиб боряпмиз. Ҳеч қандай муаммо бўлмаяпти. Мен, катта лейтенант, шу маҳалламда 2025 йил охиригача маҳаллам еттилиги билан бирга бирорта жиноят содир бўлмаслигига ваъда бераман», — деди у.
Давлат раҳбари ўша ерда бош вазир ва ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга топшириқ бериб, бугуннинг ўзида катта лейтенант капитан бўлганини маълум қилди.
«Агар ҳар бир „участкавой“ шундай ҳаракат қилса, бизда жиноят бўлмайди. Унвонни эртароқ беришга ҳуқуқим бор. Жасорат билан, ишонч билан айтяпсан, ҳаётингни шунга бағишлагансан. Мана сенга ўхшаганларни тарбия қилмоқчиман. Мана сен назоратга олинган кадр бўлдинг. Капитан билан табриклайман! Унвон билан!», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Муҳтарам президент, рухсатингиз билан, сўзим охирида ички ишлар тизими ходимлари номидан Янги Ўзбекистонда Янги Камолон маҳалласи энг намунали маҳалла бўлишига мен сизга ваъда бераман. Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!», — деди у.
Шавкат Мирзиёев 8 июль куни маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш, кибержиноят ва гиёҳвандликка қарши кураш, видеокузатув ва ИИВ ислоҳотларига оид тақдимот билан танишиб, бутун тизимни пастга тушириб, ҳар бир маҳаллани «жиноятчиликдан холи ҳудуд»га айлантириш зарурлигини айтганди.
Президент март ойида айрим туман ва шаҳар ички ишлар раҳбарлари статистикани яхшилаш учун жиноятни яшираётгани, рўйхатга олишни ойлаб чўзиб юрганини таъкидлаган. Давлат раҳбари бош прокуратура ҳам, ички ишлар вазирлиги ҳам уйғониши, янгича ишлаб, бир-бирини тийиб туриши кераклигини айтди.