January 19

Жанубий Корея ўзбекистонликларга чеклов қўйди

Жанубий Кореяда иқтисодий ўзгаришлар ҳамда ўзбекистонлик ходимларнинг иш жойларини сабабсиз тарк этиш ҳолатлари кўп кузатилганлиги боис қабул чекловлари ўрнатилмоқда. Бу ҳақда  Миграция агентлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, 2024 йилда Жанубий Кореяга E-9 визаси билан ишлаш учун 3080 нафар фуқаро юборилган бўлиб, бу рақам 2023 йилга нисбатан анча пасайганлигини кўрсатади.

Жумладан, Миграция агентлиги бош мутахассиси Достон Олимжонов бу фақат ўзбекистонликлар билан боғлиқ ҳолат эмаслигини таъкидлаб ўтиб, Непалнинг Кореяга юборган мигрантлари сони бир йилда 19 758 нафардан 7081 нафарга камайганлигини мисол сифатида кўрсатди.

Шунингдек, юзага келган иқтисодий инқирозлар сабабли, Кореяда кўплаб компаниялар ўзларини банкрот деб эълон қилмоқда. Агентлик бошқарма бошлиғи Азим Алматовнинг таъкидлашича, иш ташлаш ҳолатлари Сенегал ва Вьетнам давлатларида камроқ кузатилганлиги боис, Корея кўпроқ уларнинг фуқароларини танлашмоқда.

Ҳозирда, ташкилот томонидан илгари сурилаётган кўникма ва мослашувни кучайтиришга қаратилган дастурлар юқоридаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган.