Президент Янги Андижонга Бобур номини беришни таклиф қилди
Президент Андижон вилоятига ташрифи доирасида Янги Андижон шаҳарчасига Заҳириддин Муҳаммад Бобур шарафига Бобур шаҳри номини беришни таклиф қилди. «Нега деганда, ҳазрати Бобур — шундай улуғ зотки, унинг шарафига нафақат кўча ва майдонлар, балки алоҳида шаҳар бунёд этсак, албатта, арзийди», — деди у.
Шавкат Мирзиёев Янги Андижон шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» боғида ўтаётган халқ сайлидаги нутқида Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасини абадийлаштириш мақсадида Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном беришни таклиф қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу ташаббус ҳар томонлама халқнинг кўнглидаги иш бўлади.
«Нега деганда, ҳазрати Бобур — жаҳон тарихида камдан-кам учрайдиган шундай беназир, улуғ зотки, унинг шарафига нафақат кўча ва майдонлар, боғу роғлар, балки алоҳида шаҳар бунёд этсак, албатта арзийди. Нега деганда, Бобур Мирзо — Темурийлар Ренессансининг муносиб давомчиси, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, истеъдод ҳомийси бўлган буюк шахсдир», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев Бобурнинг ёшлик пайтидан юртда тинчлик ва адолат ўрнатиш учун олиб борган курашлари, бу йўлда кўрсатган мардлик ва жасорати фидойилик ва ватанпарварлик мактаби ҳисобланади.
«Ҳеч шубҳасиз, қомусий билим ва тафаккур эгаси бўлган бу мумтоз аждодимизнинг биргина „Бобурнома“ асари учун ҳам унинг шарафига мана шундай гўзал шаҳарчани бунёд этсак арзийди», — қайд этди у.
Шерзод Асадовга кўра, ушбу ташаббус Андижон аҳолиси томонидан қизғин қўллаб-қувватланган.
Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоятидаги Янги Андижон шаҳри 4 минг гектар майдонда барпо этилмоқда. Унинг қурилишига Шавкат Мирзиёев 2021 йилда тамал тошини қўйганди. «Газета.uz» бўлажак шаҳарнинг чизма ва макетларини эълон қилган. Ўтган йил апрелида Янги Андижон шаҳрида инвестиция маблағлари асосида 4 гектар майдонда вилоят ҳокимлиги биносини қуриш ишлари бошланган.