January 21

Ватанпарварлик - юксак фазилат

Ҳозирги геосиёсий вазият ёшлар қалбида юксак ҳарбий ватанпарварлик туйғусини ҳар қачонгидан кўра кенг қамровли тарзда мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Бу ўринда ҳарбийлар ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг таълим муассасаларида бўлиб ёшлар билан ўтказаётган юзма - юз мулоқотлари салмоқли таъсирга эга.

Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 21 - январ куни "Соригул" маҳалласида жойлашган Қўшробот тумани Мактабгача ва мактаб таълими тасарруфидаги 25 - умумий ўрта таълим мактабида об - ҳаводаги ноқулайлик боис ЧҚБТ хонасида ўтказилди.
Унга ташриф буюрган Самарқанд вилояти Миллий гвардияси Қўшробот тумани бўлимининг Болалар билан ишлаш бўлими инспектор психологи, катта лейтенант Фарҳод Боборажабов тадбирда ўзларининг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани раҳбарлари билан қатнашган 25 ҳамда 3 - умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларининг ҳарбийлик соҳаси юзасидан қизиқтирган саволларига батафсил жавоб бериш билан бирга улуғ ва шарафли касб бўлган ҳарбийлик борасида ўз фикрларини баён этди.

Шунингдек, 25 - мактабнинг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Элмурод Эргашев, мазкур мактаб психологи Зарина Отақулова, "Соригул" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусан Шодиев, маҳалла ёшлар етакчиси Ўроз Нортоев ҳамда иштирокчи мактабларнинг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани раҳбарлари Рустам Бобораҳимов ва Шокир Эргашевлар инсон қалбининг гултожи, энг улуғ туйғу ҳисобланмиш ватанпарварлик тушунчасининг кенг маънодаги мазмун моҳияти ва унинг ҳаётда нақадар улкан аҳамият касб этиши хусусида атрофлича сўз юритдилар.