Каттақўрғонликлар вилоят ҳокимидан ёрдам кутмоқда
Ижтимоий тармоқларда Каттақўрғон туманидаги Қумоқ ва Қўштепа маҳаллалари аҳолиси томонидан Самарқанд вилояти ҳокими номига йўлланган мурожаат акс этган видеолавҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур лавҳада маҳаллий аҳоли кўп йиллардан бери ҳал этилмай келаётган йўл муаммоси ҳақида очиқ ва ошкора фикр билдирган. Гап Каттаминг–Қумоқ–Қўштепа йўлининг Қўштепа–Қумоқ қисми ҳақида бормоқда. Айни пайтда ушбу йўл аҳоли учун деярли ҳаракатланиб бўлмас ҳолатга келиб қолган.
Айниқса, ёмғирли ва қиш фаслида йўлнинг аҳволи янада оғирлашиб, транспорт воситалари ҳаракати қийинлашади. Бу эса болаларнинг мактабга бориши, беморларни шифохонага олиб бориш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишда катта муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Мурожаатда таъкидланишича, сўнгги 6 йил мобайнида ушбу масала юзасидан бир неча бор туман мутасаддиларига мурожаат қилинган. Аммо ҳар гал муаммо тўлиқ ҳал этилмасдан, вақтинчалик техника ёрдамида йўл фақат текисланиб қўйилган, холос. Берилган ваъдалар эса амалий натижа билан якунланмаган.
Аҳоли ўзини қишлоқда яшайдиган фуқаро сифатида камситилгандай ҳис қилаётганини билдириб, инфратузилма масаласида ҳудудларга қараб фарқ қилиниши адолат тамойилларига зид эканини таъкидламоқда. Улар ҳам муносиб йўл ва шароитларга лойиқ эканини очиқ айтишмоқда.
Шу муносабат билан Қумоқ ва Қўштепа маҳаллалари аҳолиси туман ҳокимидан нажот йўқлигини билдириб, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевдан ушбу йўлни тўлиқ таъмирлаш ва асфальтлаш масаласини шахсан назоратга олишни, муаммони амалий ечим билан ҳал этишни сўраб қолмоқда.
Аҳоли мурожаати тегишли мутасаддилар томонидан қандай муносабат билдирилиши ва муаммога қачон ечим топилиши жамоатчилик эътиборида қолмоқда.