March 6

Боғчаларда болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратилди

Мактабгача таълим ташкилотларида болалар ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш масаласини Халқ демократик ташкилоти ўз бўйнига олибди. Ушбу масала жамият учун энг устувор ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири бўлиб қолгани сир эмас. Айниқса, озиқ-овқат, санитария-гигиена ҳамда умумий хавфсизлик талабларига риоя қилиниши масаласи жамоатчилик орасида доимий муҳокама қилиняпти, сўнгги вақтларда овқатдан заҳарланиб жабр кўрган болалар сони ошиб бормоқда.

"Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тез-тез учраётган болаларнинг овқатдан заҳарланиши, электр токи уриши ёки ёнғин хавфи билан боғлиқ нохуш ҳолатлар масалага жиддий ва тизимли ёндашишни тақозо этмоқда.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Халқ демократик партияси мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини депутатлик ва жамоатчилик назорати тартибида республика миқёсида ўрганишга киришмоқда", дейилади партия хабарида.

Маълум қилинишича, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари томонидан мактабгача таълим ташкилотида хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳолатини ўрганишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Дастур доирасида, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, шунингдек ваколатли ташкилотлар вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар тузилиши режалаштирилган. Унга кўра, болалар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи омиллар махсус саволнома асосида манзилли ўрганилиши белгиланган.

Қайд этилишича, манзилли таҳлиллар натижалари ва хулосалари ҳудудларда Халқ демократик партиясининг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари йиғилишларида соҳа мутасаддилари иштирокида очиқ муҳокама қилинади. Вазият жиддий бўлган ҳудудларда партия депутатлик гуруҳлари қарорларига мувофиқ равишда, масалани маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига олиб чиқиш назарда тутилган.

Партия мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини таъминлаш ўз электоратини ўйлантираётган долзарб ижтимоий масалага айланганини алоҳида таъкидлаган.

"Ҳудудлардаги тизимли ўрганиш, очиқ муҳокамалар якунлари бўйича масъулият ва назоратни кучайтириш мақсадида тегишли давлат органлари вакиллари иштирокида Халқ демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракциясида муҳокамалар ўтказилади, таъсирли комплекс чора-тадбирлар ва заруратга қараб қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқилади", дейилади хабарда.

Сўнгги вақтларда мактабгача таълим ташкилотларида юз бераётган кўнгилсиз ҳодисалар фонида аҳолининг норозилиги ошиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. ХДПнинг мазкур ҳаракатлари реал натижа бериб, тендерлардаги ўйинлар, таниш-билишчилик ҳолатлари барҳам топишида сезиларли натижалар бўлишига умид қиламиз.