March 5

117 та идорада коррупцияга қарши кураш масъуллари ишдан олинади

Бош вазирга 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмалари раҳбарларини ишдан олиш ва уларнинг ўрнига ҳалол, фидойи ва профессионал кадрлардан қўйиш, уларнинг олдига аниқ вазифаларни белгилаб бериш топширилди.

Вазирликларнинг ҳудудий комплаенс ходимларини бевосита вазирнинг ўзи ишга қўйиши, ўзига сиёсий масъулият олиб, бутун тизимидаги коррупция учун шахсан жавоб бериши белгиланди.

Агентликнинг иш услуби мутлақо ўзгаради. Бунинг учун тажриба тариқасида 5 та идора: Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзсувтаъминот”нинг комплаенс назорати агентликка ўтказилади.

Йил якунида агентлик бу вазирликларда қанча коррупциявий омиллар бартараф қилингани, одамларга қандай енгилликлар бўлгани ҳақида Миллий кенгашда ҳисобот беради.

Шунингдек, агентлик вазир, ҳокимлар билан биргаликда ҳар чоракда коррупция юқори бўлган камида 3 та соҳада тумангача тушиб, маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганади, таҳлиллар асосида қайси жараённи рақамлаштириш, қайси бюрократик тартибни бекор қилиш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқади.

Икки ойда халқаро рейтинг ташкилотлари тавсияси асосида “йўл харита”си ишлаб чиқилиб, ҳар бир вазирлик ва идорага қилинадиган ишлар аниқ белгилаб берилади. Сусткашликка йўл қўйган раҳбарларни жазолаш бўйича таклиф киритилади.