Сойгузарлик ёшларнинг шижоати баланд
“Сойгузар” маҳалла фуқаролар йиғини Самарқанд вилояти Ургут туманининг марказдан анча олисда жойлашган Ғўс аҳоли массивидаги маҳалларидан бири. Ғўсликлар ҳақида гап кетганида аввало кўз олдимизда ишбилармон, тадбиркор инсонлар гавдаланади. Негаки, ҳудуд аҳолисини нафақат юртдошларимиз, МДҲ давлатларида ҳам тадбиркор инсонлар сифатида кўпчилик яхши билишади.
“Бизни ҳамқишлоқларимизни нафақат юртимиз бўйлаб, Америка дейсизми, Россияю Канадада ҳам учратсатгиз ҳайрон қолманг. Халқимиз шунақа тадбиркор одамлар”, дейди “Сойгузар” маҳалласи кексалари. Ҳамсуҳбатимиз маҳалла ёшлари етакчиси Нуриддин Рахимов маҳаллада ёшлар билан ишлаш тизими яхши йўлга қўйилганлиги боис бекорчи ёшлар йўқлигини айтиб, маҳалла ёшлари ҳаёти билан танишишимизга таклиф қилди.
Маълумки, мамлакатимиз тараққиёти ҳар томонлама ўсиб-ўниб келаётган навқирон авлоднинг таълим тарбияси, маънавияти ва маданияти билан чамбарчас боғлиқ. Юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг энг устивор йўналишидир. Ҳар бир соҳада қўлга киритилаётган марралар, ютуқлар ана шу ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашнинг ёрқин ифодасидир. Ватан тақдирига дахлдор эканлигини ҳис қилиб яшаш ва берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳар бир Ўзбекистон фарзандининг муқаддас бурчидир.
Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шартидир. Айнан шу сабабдан сўнгги йилларда юртбошимиз томонидан Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар масаласига устувор вазифа сифатида катта эътибор қаратиб келинмоқда. Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шунингдек уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда.
- Бугунги кунда мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ёшларга берилаётган замонавий таълим-тарбия Янги Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори бўлмоқда, - дейди “Сойгузар” маҳалласи ёшлар етакчиси Нуриддин Рахимов. – Бугун юртимизда қай бир соҳада ўзини кўрсатаман деган ёшлар учун барча имкониятлар эшиги очиқ. Маҳалламизда 1 700 га яқин 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар истиқомат қилишади. Хонадонбай ўрганиш орқали маҳалла еттилиги ҳамкорлигида мавжуд муаммоларига ечим топиб келинмоқда. Олиб борилган ишларимиз самараси ўтган давр мобайнида ёшлар ўртасида жиноят содир этилмаган. Маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 153-сонли қарорлари ижросидан келиб чиқиб, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 41 нафар ёшларимизга тадбиркорлик қилишлари учун ер ажратилишига кўмаклашдик. Ҳозирги кунда барчаси ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш орқали даромад топмоқда. Бундан ташқари ишсиз ёшларни иш билан банд қилиш мақсадида қуруқ мева экспорти билан шуғулланадиган оилавий корхоналарга шунингдек “Азизбек сифат” оилавий корхонасига ишга жойлаштирилиб келинмоқда. Маҳаллада ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилаётган беллашув ва танловларда маҳалламиз ёшлари фаол иштирок этиб келмоқда. ДХХ кубоги учун ўтказилган мусобақаларда футболчи ёшларимиз вилоят миқёсида “Workout” майдонида ўтказилган мусобақаларда фаол иштирок этишиб, туманимиз фахрига айланганлигини айтиб ўтиш жоиз. Маҳаллада жойлашган 69 ҳамда 153-умумий ўрта таълим мактабларида таълим ва тарбия олиб келаётган ёшлар билан ҳам узвий алоқалар йўлга қўйилган. Ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган ҳамкорлигимиз ўз натижасини бермоқда. Иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича доимий учрашувлар ташкил этилиб, мулоқотлар ўтказиб келмоқдамиз. Маҳалламиздаги 153-мактабнинг 11 -синф ўқувчиси Жамшид Сиддиқов Англиянинг "Westminster" университети талабалигига қабул қилинганлиги ёшларимиз ўртасида катта интилишлар эшигини очди.
Ҳа, азалий тадбиркорлар маскани бўлган маҳаллада тадбиркор ёшлар кўп. Улар оиласи фаровонлигини таъминлаш баробарида юрт тараққиётига ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Азиз Амиров оилавий корхона ташкил этиб тунукафон маҳсулотлари ишлаб чиқараётган бўлса, Отажон Эгамбердиев сартарошхона очиб маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда. “Ёшлар дафтари” га киритилган Сайрам Насриева маҳалла кўмаги билан тикув машинкаси билан таъминланиб ҳозирда ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Ёшлар ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Шундай экан ҳудудларда уларни қўллаб-қувватлаш, орзу интилишларини рўёбга чиқишида кўмаклашиш албатта ўзининг ижобий самарасини беради.