"Оpen budget" га мажбурий овоз тўпланган лойиҳалар дастурдан четлатилади
“Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2025 йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи давом этмоқда. Эндиликда мажбурий овоз тўпланган лойиҳалар дастурдан четлатилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Вазирликка кўра, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти, Қува туманидаги 37 мактабда мажбурий овоз бериш ҳолатлари юзасидан хабарлар тарқалган.
Мазкур ҳолат тегишли органлар томонидан ўрганилиб, ушбу мактабда ходимлар мажбурий овоз беришга жалб этилгани тасдиқланган.
Шу сабабли, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу мактабдаги мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни овоз бериш жараёнидан четлатиш бўйича тегишли туман Халқ депутатлари кенгашига тақдимнома юборган.
Маълумот учун, “Ташаббусли бюджет” жараёни доирасида мажбурий овоз беришга жалб этиш мажбурий меҳнат сифатида таснифланиши белгиланган.
Расмийларга кўра, бундай ҳолатларга дуч келган фуқаролар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 71 200-06-00 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, (https://qalampir.uz/news/ota-onalar-open-budget-ga-ovoz-berishga-mazhburlandi-zhazoni-esa-uk-ituvchi-oldi-116011) бундан аввал Чирчиқ шаҳридаги 8 сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси ҳам ўқувчиларнинг ота-оналаридан “Ташаббусли бюджет” доирасида овоз беришни талаб қилгани ҳақида хабар берилганди. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 47-сон умумтаълим мактаби раҳбарияти томонидан ҳам шундай топшириқлар берилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.